АсосийJinoyat

Зангиотада аёл собиқ эри томонидан 5 соат давомида аёвсиз калтакланди (видео)

'Зангиотада аёл собиқ эри томонидан 5 соат давомида аёвсиз калтакланди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманида эркак 5 соат давомида хотинини калтаклаб, ўлдиришга урингани айтилган хабарлар тарқалди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 октябрь куни Б.Ш. исмли эркак собиқ аёлини хонага қамаб, овози қўшниларга эшитилмаслиги учун телевизор ва радионинг овозини баландлатган ҳолда аёвсиз калтаклаган. Оғир оқибатларга олиб келувчи зарбалардан хушини йўқотган аёлни дугонасининг қўнғироғи қутқариб қолган. Кейинчалик Б.Ш. кимдир уйга келиб қолишидан чўчиган ҳолда аёлни шифохонага олиб бориб, “агар кимгадир чурқ этсанг сени ҳам отанг каби ўлдириб юбораман”, дея қўрқитган. Шундан сўнг, аёл тиббий текширувлардан ҳам ёлғиз ўзи ўтган.

Маълумотларга кўра, улар 2017 йилда оила қурган ва доимий жанжаллар туфайли 2019 йилда қонуний ажрашган. Аёл бир нафар фарзанди билан уйсиз қолган ва ҳуқуқшуносларнинг маслаҳати билан яна собиқ эрининг уйига қайтиб борган.  

Зангиота тумани “Хўжамозор” маҳалласида яшовчи фуқаро билан боғлиқ ҳолат Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари — Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Нодира Умарова ва вилоят ҳокими ўринбосари Зуҳра Миргазиевалар томонидан ўрганилди. Аёл билан суҳбатлашилди.  

Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда зўравонга нисбатан қонуний жазо қўллаш ва аёлни соғлиғи тўлиқ тикланиб кетиши, тегишли барча даволаш ишларининг амалга оширилишини масъуллар томонидан назоратга олинган.

    Бошқа янгиликлар