Фарғона вилоятида 4 килограмм гашишни 40 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар бошқармаси, ИИВ Тезкор қидирув департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда 1991 йилда туғилган Бешариқ тумани фуқароси 4 килограмм оғирликдаги, тўрт бўлакдан иборат гашишни сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълум қилинишича, гиёҳвандлик воситасининг қора бозордаги қиймати 480 миллион сўмга баҳоланган.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






