Адлия вазирлиги Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, автомототранспорт воситаси кузовининг ёки унинг деталларининг рангини ўзгартирганлик маъмурий жавобгарликка асос бўлмайди.
Ҳозирги кунда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган автомобилнинг олд капоти ҳамда ён томон устунларига қора рангли плёнка ёпиштирганлиги натижасида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан МЖтКнинг 125-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этганлиги, яъни тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима жазоси қўлланилганлиги ҳамда автотранспорт воситаси бугунги кунга қадар мазкур Кодекснинг 291-моддаси асосида вақтинча ушлаб турилганлиги маълум қилинган.
Мазкур ҳолатда Адлия вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг фуқарога нисбатан маъмурий жазо чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳаракатлари қонунчилик нормаларига зид ҳисоблайди.
Хусусан, МЖтКнинг 125-моддаси учинчи қисмида ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, рул бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши учун жавобгарлик белгиланган.
Автотранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш билан боғлиқ масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида ягона низомнинг 26-иловасига мувофиқ Автотранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома паспортида кўрсатиб ўтилган.
Мазкур паспортнинг 12-бандида автотранспорт воситаси қайта жиҳозланган деб тан олинадиган ўзгаришлар рўйхати кўрсатилган бўлиб, мазкур рўйхатда автотранспортнинг капот ёки бошқа қисмлари ранги ўзгартирилиши назарда тутилмаган ва бу ҳолат учун рухсатнома талаб қилиниши белгиланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 ва 55-моддаларига кўра, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
Шунга кўра, келгусида юқоридаги ҳолатларни олдини олиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 17 октябрда Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилди, дейилади хабарда.
19.10.2023 17:41
Машина кузовини ва унинг деталлари рангини ўзгартириш жавобгарликка асос бўлмайди - Адлия вазирлиги






