Бугун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбек тили байрами муносабати билан «Ўзбек тили — миллий маданиятимиз тимсоли» номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида олийгоҳ ректори в.б. Элдор Шерманов сўзга чиқиб, барча юртдошларимизни тил байрами билан табриклади.
«Барчангизга бугунги улуғ кун муборак бўлсин! Ҳар бир миллатнинг бошқа рамзлари қаторида ўз тили бор ва бу энг катта бойликларидан бири ҳисобланади.
Ҳар бир инсон она тилимиз ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Ўзбек тили жозибадорлиги, маънодорлиги, луғат бойлиги билан бошқа тиллардан ажралиб туради.
Санъат ва маданият соҳасида фаолият юритаётган ходимлар тилимизнинг кенг қамровга эга бўлиши ҳамда адабий ҳолда сақланиб қолишида жуда катта вазифасини бажаради.
Ўзбек тили абадий бўлсин! Барчани ушбу шодиёна билан яна бир бора муборакбод этаман!» — деди институт ректори в.б. Элдор Шерманов.


Шунингдек, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Алпарслан Акинжи ҳамда Туркия тижорат палатасии раҳбари Сердар Кескин ҳам ўз табрикларини йўллади.
«Ўзбекистон — турк халқлари маданиятининг бешиги. Ўзбекистон ва Туркиянинг тили, маданияти, урф-одатлари жуда ўхшашдир. Туркияда ҳам Тошкент тумани, Сайҳун ва Жайҳун ўлкалари бор. Бугунги шодиёнага дўстларимиз билан бирга бўлиш мақсадида ташриф буюрдик. Барчанингизни тил байрами билан табриклайман», — деди Алпарслан Акинжи.
Тадбир концерт дастури билан давом этиб, бир-биридан дилтортар тароналар билан меҳмонларни хушнуд этди. Тадбирдан сўнг дошқозонда эҳсон оши дамланиб, институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар турар жойларида истиқомат қиладиган йигит-қизларга тарқатилди.





