БМТ Болалар жамғармаси Фаластин анклавида болалар ўлими сони ортиб бораётганидан хавотирда.
Исроилнинг шиддатли ўққа тутаётган Ғазо сектори болалар қабристонига айланмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Жеймс Элдер маълум қилди.
У Фаластин анклавидаги болалар ўлимидан хавотир билдирди.
Элдер зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ғазога гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказишга чақирганини яна бир бор таъкидлади.
"Ғазо секторидаги болалар нафақат бомбардимонлардан, балки уларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан ҳам ўлмоқда", - дея таъкидлади УНИCЕФ вакили.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Иззаддин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилишлари ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлган фаластинликларнинг қарийб 70 фоизи аёллар ва болалардир. Исроилда қурбонлар сони 1500 дан ошади.