1

Ўзбекистонда сув ресурсларининг уникал харитаси яратилди

ЖАМИЯТ 13.11.2023, 14:42
Ўзбекистонда сув ресурсларининг уникал харитаси яратилди

“MediaDataLab” жамоаси қарийб бир йил мобайнида аҳолининг сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, сувни тежаш маданиятини ошириш ва экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ташкил қилинган “Сув борми?” ижтимоий лойиҳасини илгари сурди. Лойиҳа ёшларнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит мавзусига доир ижтимоий қарашларини ўрганиш, уларда сув ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

Ушбу лойиҳанинг компонентларидан бири сифатида ёшлар орасида тадқиқот амалга оширилди ва у орқали ёшларнинг сув ресурслари, сувдан оқилона фойдаланиш ва сув инқирози каби муҳим мавзулардаги қарашлари таҳлил қилинди. Лойиҳанинг ушбу босқичида аҳоли, асосан, 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида, уларнинг кундалик ҳаётида ва қарор қабул қилишда сув мавзусининг долзарблиги юзасидан социологик сўров ўтказилди. Унда жами 1583 респондент иштирок этди. Сўров уч тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус) махсус ишлаб чиқилган Телеграм бот ёрдамида амалга оширилди.

Шунингдек, лойиҳа давомида Ёшлар ишлари агентлиги экология йўналишининг 300дан ортиқ фаол ва истеъдодли сардорлари “Сув борми?” доирасида сув муаммоси ҳақида креатив контент яратишда иштирок этдилар.  

Лойиҳанинг ютуқли жиҳатларидан яна бири сифатида санаш мумкинки, жорий йил 23-25 апрель кунлари “Сув ва сув ресурслари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш ва фотофактлар йиғиш” мавзусида 50 дан ортиқ экофаол ёшлар учун семинар-тренинг ўтказилди. Тренинг турли интерактив машғулотларга бой бўлиб, унда иштирокчилар Ўзбекистонда сув мавзуси нега долзарб, сувнинг таснифи ва сифати каби саволлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, сув мавзусида суратга олиш, видео ва фотоматериаллар тайёрлаш ҳақида кўплаб қизиқарли ва зарур ахборотлар тақдим этилди. Бундан ташқари, 20-23 май кунлари Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи сардорларининг анъанавий ХХII анжумани доирасида “Экологик муаммолар мавзусида фото тайёрлаш амалиёти” мавзусида тренинг ва амалий машғулот бўлиб ўтди. Тренинг давомида “Сув борми?” лойиҳасида фаол иштирок этиб, креатив контент яратган “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари “МедиаДатаЛаб” томонидан қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

“Сув борми?” доирасида ўтказилган яна бир аҳамиятга молик тадбир “Мен бир кунда сувни қандай тежайман” ойлик акцияси бўлди, у неча ўнлаб фаол ёшларни қамраб олишга эришди. Сарҳисобнинг муҳим элементларидан бири сифатида 28-июл куни “Сув борми?” лойиҳаси томонидан Ўзбекистон сув харитасини яратиш бўйича экофаол ёшлар учун видеоконференсалоқа шаклидаги тренинг ўтказилганлигини ҳам санаб ўтиш керак. Тренинг давомида “MediaDataLab” экспертлари томонидан сув харитасини яратиш юзасидан ташкил этилган телеграм ботдан фойдаланиш, харита учун ижодий ишларни жўнатиш ва ҳудудларда сув таъминоти юзасидан тадқиқот ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Тренинг давомида иштирокчилар интерфаол ўйинлар, презентациялар ва очиқ мулоқот орқали фикр алмашишди.  

Сув харитасини яратиш учун ботга 150 дан зиёд кўнгиллилар маълумотларни юбордилар ва бу Ўзбекистон сув ресурсларининг кўриниши ва ҳолатини баҳолашга имкон берувчи уникал хаританинг яратилиши учун асос бўлди. Харитани яратишда бевосита иштирок этган ёшлар турли сув обектларидан фото-ҳикоялар тайёрлаш жараёнида ҳам қатнашдилар. Лойиҳа давомида ҳар бир босқичда фаол иштирок этган ёшлар ва кўнгиллилар мунтазам тақдирланиб борилди.

“MediaDataLab” ёшлар орасида сувдан оқилона фойдаланиш, уни асраш, сув инқирозини тушуниш ва англаш ғояларини илгари суриш томон дадил қадамлар ташлади ва бу қадамлар ойлар, йиллар ўтгач ўз мевасини бериши муқаррар. Ташкилот келгусида ҳам сайёрамизнинг чекланган ресурсларини авайлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ва кенгайтиришга ҳаракат қилади ва барчани бу эзгу амал йўлида бирлашишга чорлайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1