Бутун пойтахт манзараси кўриниб турувчи ресторан, ҳашаматли хонадонлар ва резидентлар учун 33 та жамоат ҳудудлари: Ўзбекистондаги энг баланд осмонўпар бино – Nest One меҳмонлар учун ўз эшикларини очди.
Жорий йилнинг 15 ноябр куни Тошкентда кўп функцияли Nest One осмонўпар биноси қурилишининг якунланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Murad Buildings қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров, Туркиянинг Оzguven қурилиш компанияси асосчиси Ўзгур Онур Ўзгувен, Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси котиби ўринбосари Алижан Аксой, Шайҳонтоҳур туман ҳокими Ботир Зоҳидов, жамоатчилик фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мурод Назаров тадбирнинг очилиш қисмида сўзга чиқар экан, Nest One нафақат ўз компанияси, балки бутун Ўзбекистон ютуғи эканини таъкидлаб, йиғилганларни чин қалбдан табриклади.
“Бу лойиҳани амалга ошириш осон бўлмади, ўртада пандемия бўлди, бошқа сабаблар, лекин ҳамкорларимиз кўмаги билан бугун лойиҳани якунладик. Бу билан барчангизни табриклайман”, деди Мурад Назаров.
Шундан сўнг, бошқа таъсисчилар ҳам бирма бир сўзга чиқиб, лойиҳани рўёбга чиқариш фикрига қандай келганлари, лойиҳалаштириш ва қурилишга қанча куч ва вақт кетганлиги, мураккаб пандемия даврини қандай босиб ўтганлари ва зиммаларидаги мажбуриятни фахр билан адо этганлари ҳақида сўзлаб бердилар.
“Биз Ўзбекистонга фойда олиш учун эмас, бериш учун келганмиз. Оддий мисол, мамлакатингизга минг нафар туркиялик ишчилар билан келгандик. Йиллар ўтган сайин, уларни сони камаяверди. Сабаби ишчиларингиз барча кўникмаларни тез ўрганди. Туркиялик мутахассисларга эҳтиёж қолмади“, деди Ўзгур Онур Ўзгувен.
Муассислар кўчмас мулк соҳиблари интиқлик билан кутган янгиликни эълон қилди: хонадонлар, офислар ва ритейл-ҳудудлар эгаларига кадастр ҳужжатларини босқичма-босқич тақдим этиш бошланди.
Тадбир сўнгида меҳмонлар осмонўпар бино бўйлаб саёҳат қилишди. У ерда ушбу кўп функцияли мажмуанинг хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.
Маълумот учун, мажмуа алоҳида экотизим ўлароқ ўйланган бўлиб, шаҳарнинг ажойиб маназараси намоён бўлувчи премиал хонадонлар, офислар ва 33 та жамоат ҳудудлари: дўконлар, ресторанлар, болалар майдончалари, қишки боғ, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш ҳудудларини ўзида жамлайди.
Ўзбекистондаги энг баланд тураржой биноси – баландлиги 267 метр, элликдан зиёд қават, 27 000 тонна темир, 150 000 тонна бетон ва 1000 дан зиёд инсоннинг туну-кун қилган меҳнати.
1- қават, кириш гуруҳи ва тижорат маконлари. Бу ерда – асосий киришда networking учун майдонлар ва дўконлар жой олади, улар шопинг, премиал ресторанлар ва кафелар иштиёқмандларини жалб қилувчи маскан бўлади.
28-қават, Sky walk. Қават периметри бўйлаб югуриш йўлакчасига эга спорт макони, бу ерда Nest one яшовчилари ва резидентлари шаҳар ва Tashkent City боғининг ажойиб манзарасидан баҳра олган ҳолда, кардио-машғулотлар, йога ва пилатес билан шуғулланиши мумкин. Бундан ташқари, мажмуанинг иккинчи ва учинчи қаватларида ёпиқ сув ҳавзаси ва СПА-мажмуаларга эга фитнес-марказ, қишки боғ, бир нечта болалар ўйин майдончалари, кинозал, Play Station ҳудуди, караоке жойлашган.
44- қават, Sky Villas шоуруми. “Самодаги виллалар” – бу деразасидан ажойиб маназара кўриниб турувчи премиал апартаментлардир. Шоурум-хонадон интерьер модасининг охирги талабларига мувофиқ жиҳозланган ва қулай дизайнерлик ҳамда технологик ечимлар билан тўлган.

48- ва 52- қаватлар – томоша террасалари ва осмонўпар бинонинг энг юқори нуқтасида Тошкент ва тоғларнинг мафтункор манзараларидан завқ олиш мумкин.
Яна бир янгилик. Энди ҳар ким Ўзбекистондаги илк Nest One осмонўпарининг юқори қаватларида жойлашган ҳашаматли резиденциялар эгаси бўлиши мумкин. Шунга қарамай, севимли шаҳар кафтдек намоён бўладиган апартаментлар сони чекланган. Nest One’да хонадонни 10 йил муддатга, чегараланмаган кредитлаш суммаси билан ипотекага харид қилиш мумкин, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса, фақат паспорт бўлса, кифоя.
Матбуот анжумани 48- қаватдаги байрам зиёфати билан якунланди.
Реклама





