Хорижий тиллар бўйича ўтказилган Республика танловида юқори натижаларга эришган 70 нафар ўқувчи ҳамда уларнинг 14 нафар устозларини давлат бюджети ҳисобидан Буюк Британияга таълим саёҳатида бўлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 30 июнда ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувида айтиб ўтганди.


“Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги мактаблар ўқувчилари ҳам хорижий тиллар бўйича ўтказилаётган танловларда яхши натижалар кўрсатиб келмоқда. Бундай ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, уларни рағбатлантириб борсак, албатта, арзийди. Хорижий тиллар бўйича ўтказилган Республика танловида юқори натижаларга эришган ана шундай 70 нафар ўқувчи ҳамда уларнинг 14 нафар устозларини бу йил давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Буюк Британияга таълим саёҳатига юборамиз. Бу ташаббусни ҳар йили давом эттирамиз".


Жорий йил 21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танлови Республика босқичи ғолиблари билан учрашув ўтказилди.
Танловда ғолиб бўлган 70 нафар ўқувчи ва 14 нафар ўқитувчи жорий йилнинг 21-28-ноябрь кунлари Буюк Британияга таълим саёҳатига жўнаб кетишди. Бизда тақдим этилган маълумотларга кўра мазкур саёҳатлар давомида ўқувчилар Англия таълим жараёнлари, жумладан, “Ардмор” тил ўқитиш мактаби, Кембриж, Оксфорд университетлари фаолияти билан яқиндан танишади, Кембриж, Лондон, Винзор, Оксфорд шаҳарлари, Темза дарёси бўйлаб саёҳат қилишади.
Маълумотларга қараганда ўзбекистонлик ўқувчилар инглиз тенгдошлари билан ўтказиладиган турли учрашувлар, Буюк Британия маданияти ва тарихи билан боғлиқ тадбирларда иштирок этади.
Тадбирдан якунида чет элга йўл олаётган ёшларга оқ йўл тиланди ва улар аэропорт томон йўл олишди.

Маълумот учун: “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Республика босқичи якуний натижаларига кўра:
Наманган вилояти, Наманган шаҳридаги 7-мактаб жамоаси 1-ўринни;
Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 145-мактаб жамоаси 2-ўринни;
Бухоро вилояти, Бухоро туманидаги 1-мактаб жамоаси 3-ўринни эгаллашган.
Танлов Республика босқичи ғолиблари:
1-ўрин – 500 миллион сўм;
2-ўрин – 400 миллион сўм;
3-ўрин – 300 миллион сўм билан тақдирланган.





