Нурсултон Назарбоев биринчи марта иккинчи оиласи, хотини Асел Исабаева ва икки ўғли ҳақида гапириб берди

ДУНЁ 29.11.2023, 23:29
Нурсултон Назарбоев биринчи марта иккинчи оиласи, хотини Асел Исабаева ва икки ўғли ҳақида гапириб берди

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев “Менинг ҳаётим” номли хотиралар китобини ёзди. Бу ҳақда Оrda.kz хабар бермоқда.

Унда Назарбоев биринчи марта иккинчи оиласи, хотини Асел Исабаева ва икки ўғли ҳақида маълумот берди. 

“Кунлардан бир кун Толдиқўрғонга йўлим тушди. Давлат раҳбарининг ҳудудларга қилган амалий сафарлари чоғида самолёт зинапоясида уни гуллар билан кутиб олишади. Менга аэропортда гул берган қиз ҳайратланарли даражада гўзал эди. Очиқ юзли, олов кўзли, нафис қоматли гўзал узоқ вақт ёдимда қолди, уни тез-тез эслардим.

Бир оз вақт ўтди. Толдиқўрғон аэропортида мени кутиб олган ўша гўзал қизнинг сиймоси хотирамда қайта-қайта жонланди. Кунлардан бир кун уни топишга тўсатдан сабаб пайдо бўлди. Матбуотни кўздан кечираётган эдим, газетадаги сурат эътиборимни тортди: Остонада “Мисс Қозоғистон” гўзаллик танлови бўлиб ўтди, унда ўша қиз. Исми Асел экан. Гран-прини қўлга киритди... Энди уни топиш қийин эмасди. Танишувимиз ўзаро симпатияга, симпатия эса яқинлашишга айланди. Аста-секин учраша бошладик. Аселнинг ташқи кўринишида ҳам, фикр-мулоҳазаларида ҳам мен излаган кўплаб фазилатларни кўрдим. Энг муҳими, мен йиллар давомида давом этган руҳий ёлғизликдан халос бўлдим. Мусулмон одатига кўра турмуш қурдик. Асел менга икки фарзанд берди – икки паҳлавон ўғил. 2005 йилда Тауман, 2008 йилда эса Байкен туғилган. 

Ёшлигимдан суянчим, энг оғир синовли соатларда ёнимда бўлган уч қизим – Дариға, Динара, Алиянинг онаси Сорага умрим давомида шукроналик, ғамхўрлик билан муносабатда бўлганман. Бу оғир ҳаётда тақдиримнинг ўша бурилиш палласида у мени тушуниб, кечиргани учун ҳам таскин топдим. Бўлди, дўстлар, сизга бутун ҳақиқатни айтдим. Бунга нима дейиш сизга боғлиқ. Бу ҳаёт. Инкор этилмас бир ҳақиқат бор: юрагингизга буйруқ бера олмайсиз", — дейди Қозоғистон собиқ президенти.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1