Хабар берганимиздек Озарбайжон Республикаси таклифи ва ташаббуси билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ушбу давлатда бўлди. 5 кунлик ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси нафақат расмий учрашувларда, балки маданий тадбирларда ҳам иштирок этди.
Хусусан, ташрифнинг илк кунида делегация аъзолари ҳамроҳликида арман босқинидан озод қилинган Шуша ва Фузулий шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.
Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “Озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватани ҳам ҳисобланади.

2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган.
Танишув айнан шу шаҳарда, 1883 йилда барпо этилган Соатли масжидидан бошланди. Масжид Шушанинг шу номли маҳалласида қурилган. Соатли — Шушанинг XIX асрда ташкил этилган юқори маҳаллаларидан бири. Машҳур озарбайжон меъмори Карбалайи Сафихон Қорабоғийнинг яна бир маҳсулоти бўлган масжид ва унинг миноралари Шушадаги аввалги масжидлари, Юхари Говҳар Оға масжиди, Ашағи Говҳар Оға масжиди ва Агдамдаги Агдам масжиди дизайни асосида қурилган. Соатли масжиди Карбалайи Сафихон Қорабоғининг сўнгги дурдоналаридан бири ҳисобланиб, икки минорали қилиб қурилган. Масжидда Қорабоғ меъморчилигига хос бўлган нақшинкор безакли уч навли намозхон ва ғиштли минораси бор.

Бундан ташқари Ўзбекистон делегацияси катта қизиқиш билан шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган “Хон қизи” булоғи, Озарбайжоннинг таниқли санъат арбоби Булбулнинг уй-музейи, “Меҳмондоровлар уйи” меъморий ёдгорлиги ҳамда ўтмишда отчопарлар ўртасида мусобақалар ўтказилган машҳур Жидир текислиги билан танишди. Ушбу жойлар ўзининг тарихий аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келмоқда.



Ойбек Шукуров, Озарбайжон-Шуша





