АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ҳиндистонлик сайёҳлар учун энг жозибадор манзил бўлмоқда

Ҳиндистоннинг "CNBCTV 18" телеканали ўз сайтида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишлан...

Ҳиндистоннинг "CNBCTV 18" телеканали ўз сайтида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган "Ўзбекистон ҳиндистонлик сайёҳлар учун ўзини жозибадор манзил сифатида намоён қилмоқда" сарлавҳали мақола жойлаштирди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Ўзбекистон Ҳиндистондан саёҳатчиларни жалб этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Марказий Осиё мамлакати Ҳиндистон бозорини фаол ўзлаштиришга интилмоқда, деб ёзган мақола муаллифи.

"Мамлакат ўзини стратегик жиҳатдан жозибадор йўналиш сифатида намоён қилмоқда. «IndiGo» компанияси ҳафтасига тўрт марта ва "Uzbekistan Airways" ҳафтасига олти марта парвозларни амалга оширмоқда. Мамлакатга саёҳат қилиш учун энг қулай вақт – бу ҳаво ҳарорати 21°C дан 31°C гача бўладиган, илиқ ва қуруқ иқлимли баҳор ҳамда очиқ ҳавода дам олиш учун юмшоқ ва ёқимли об-ҳавони таъминлайдиган куз фаслларидир", - дейилади мақолада.

Материалда қулай виза олиш жараёни ҳақида ҳам сўз юритилган. Хусусан, электрон визани кўриб чиқиш муддати уч иш кунигача экани маълум қилинган.

Сайёҳлар Тошкент метрополитенида сайр қилиши мумкин. Унинг бекатлари ўзининг бадиий безаклари билан меҳмонлар эътиборини тортади. Пойтахтни мамлакатнинг барча ҳудудлари билан темир йўл алоқаси боғлаган. "Yandex" ва "My Тaxi" каби маҳаллий такси хизматлари йўлга қўйилган. Туристик ҳудудлардаги жамоат транспортига микроавтобуслар, автобуслар ва трамвайлар киради, дея хабар қилган нашр мухбири.

Тошкент замонавий мегаполиси сайёҳлар учун кўплаб кўнгилочар манзилларни, жумладан, маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлар, «Magic City» мажмуасини таклиф этади. Чимён бағрида тоғ-чанғи курортлари бор. Дунёнинг маданий пойтахти сифатида танилган Самарқанд ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари, меъморчилик мўъжизалари, турли фестиваллари ва қулай дам олиш масканлари билан фахрланади. Бухоро ва Хива эса ўзининг тарихий обидалари, ипак гилам ишлаб чиқариш бўйича «маҳорат дарслари» билан одамларни мафтун этади, дея таъкидланган нашрда.

Мақолада Тошкентдан Гоага ҳафтасига бир марта чартер рейси амалга оширилаётгани ҳам қайд этилган. Бу эса Ҳиндистоннинг ушбу ҳудудидан Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун қўшимча қулайлик яратмоқда.

    Бошқа янгиликлар