Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Euronews телеканалига берган интервьюсида мухбирнинг минтақада рақобат ёки ҳамкорлик ҳақидаги саволига жавоб берди.
"Озарбойжонга келсак, мен ҳамкорликни кўраман. Бу эса, асосан, мамлакатимиз сиёсати билан боғлиқ. Биз ҳар доим Озарбойжонни ҳар қандай рақобатдан, ҳар қандай геосиёсий кураш ёки йирик давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликдан ҳимоя қилишни хоҳлаганмиз. Ўйлайманки, биз бу муваффақиятга эришдик. Шунинг учун Озарбойжон кўплаб йирик халқаро ташкилотлар учун ишончли ҳамкор саналади. Ва биз бу ҳамкорликнинг ҳақиқий натижасини кўрамиз, чунки Озарбойжонда энергетиканинг ривожланишига назар ташласангиз, халқаро миқёсдаги кенг иштирокни кўрасиз. Транспорт соҳасига назар ташласангиз, ҳар иккала йўлак – Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб мамлакатимизни кесиб ўтганини, бундан қўшниларимиз ҳам, турли минтақалардаги кўплаб давлатлар ҳам манфаат кўраётганига гувоҳ бўласиз.
Сиёсий тараққиёт нуқтаи назаридан Озарбойжон ҳам мустақил ташқи сиёсатни, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўз сиёсатини олиб бораётган давлатдир. Яна бир муҳим омил - ўз мамлакатингизни қарама-қаршилик ёки рақобат зонасига айлантирмаслик учун ўзингизни халқаро таъсирдан ҳимоя қилиш қобилиятидир. Мен салбий таъсир ва ички ишларга аралашишга уринишларни назарда тутяпман. Биз ушбу хавфларни муваффақиятли бартараф эта олдик. Ва шунинг учун ҳам Озарбойжон бугун катта халқаро салоҳиятга эга, яхши халқаро обрўга эга, сўнгги 20 йил ичида 300 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этишга муваффақ бўлган давлатдир”, деди Илҳом Алиев.