Россияга қарши санкциялар туфайли Хитойнинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йилда 200 миллиард доллардан ошди, бу олдинроқ кутилганидан анча юқори. Бу ҳақда zomon.uz нашри хабар бермоқда.
Бундан энг кўп Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчилари фойда кўрган. Россияга сотувларнинг ошиши натижасида Хитой бу йил дунёдаги энг йирик автомобил экспортчиси сифатида Японияни ортда қолдирди. Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари Россия бозорининг 55 фоизини эгаллаб олишди. Урушдан олдинги 2021 йилда бу кўрсаткич 8 фоиз эди.
Ўз навбатида, Россия ҳам бундан катта фойдада: мамлакат Хитойга нафақат нефть ва газ, балки Хитой супермаркетларида пайдо бўла бошлаган шоколад, колбаса ва бошқа истеъмол товарларини ҳам етказиб бермоқда.
"Арзон рус энергоресурслари Ғарб томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтиб, Хитой компанияларига жаҳон бозорларида рақобатлашишга ёрдам берди. Шу билан бирга, бошқа мамлакатлардаги, хусусан, Германиядаги рақобатчи ишлаб чиқарувчилар энергия нархининг кескин ошишига дуч келди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари Хитой медиасида катта қўлловга эга бўлган.
"Хитой давлат оммавий ахборот воситалари мамлакат ичида ва бутун дунёда доимий равишда рус пропагандасини тарқатмоқда", — дея қўшимча қилинади мақолада.