Сербия парламентига сайловларда президент Вучичнинг ўнг қанот популистик блоки ғалаба қозонди. Кузатувчилар қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида гапиряпти. Мухолифат норозилик намойишларини ўтказмоқда.
Сербия пойтахтида 24 декабр, якшанба куни кечки пайт парламент ва маҳаллий сайловларда сохталаштиришлар содир этилганига қарши яна оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Минглаб одамлар Белград кўчаларига чиқди, дея таъкидлайди Reuters. Намойишчиларнинг баъзилари мамлакат президенти Александр Вучичга ишора қилиб, «Вучич - ўғри» деб ҳайқирган.
Юзлаб намойишчилар шаҳар маъмурияти биносига киришга ҳаракат қилди, баъзилари деразаларни синдира бошлаган. Полиция намойишчиларни тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Хабар эълон қилинган вақтда қўлга олинганлар ва қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.






