Илҳом Алиев Озарбайжонда 2024 йилни "Яшил дунё учун бирдамлик йили" деб эълон қилди. У бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида пот қолдирган.
Унда қайд этилишича, Озарбайжон Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг ишончли ва масъулиятли аъзоси сифатида иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашга ҳисса қўшмоқда.
Озарбайжонни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бешта миллий устувор йўналишларидан бири “Атроф-муҳит тоза ва яшил ўсишга эга бўлган мамлакат” деб белгиланган. Мазкур устувор вазифага мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, яшил майдонларни тиклаш ва кўпайтириш, сув ресурслари ва барқарор энергия манбаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мамлакат 2030 йилга келиб иссиқхона газлари чиқиндиларини базавий йилга (1990 йилга) нисбатан 35 фоизга, 2050 йилга келиб эса 40 фоизга камайтиришни мақсад қилиб қўйган.
Босқиндан озод қилинган Қорабоғ ва Шарқий Зангезур, шунингдек, Нахчиван Мухтор Республикаси яшил энергия зоналари деб эълон қилинди. Озод қилинган ҳудудларни тиклаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли жараёнда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устувор йўналиш ҳисобланади. Бу ҳудудларда “ақлли шаҳар”, “ақлли қишлоқ” каби инновацион ёндашувлар қўлланилмоқда, экотизим тикланмоқда.
Озарбайжон 2030 йилга бориб ўрнатилган электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказишни мақсад қилган.
БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси – CОП29 иштирокчилари конференсиясининг 29-сессияси каби нуфузли тадбирни Озарбайжонда ўтказиш тўғрисидаги якдиллик билан қабул қилинган қарор Озарбайжонга халқаро ҳамжамият томонидан билдирилган юксак ҳурмат ва ишончнинг ёрқин намунасидир.






