Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони билан "Дўстлик" ордени билан тақдирланган Туркиянинг "Cengiz Holding" компанияси таъсисчиси Мехмет Женгизга ушбу юксак мукофотни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда мазкур холдинг бошқарув кенгаши аъзолари ва компания ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули Шерзод Абдуназаров давлатимиз раҳбарининг Мехмет Женгизни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги тегишли фармонини ўқиб эшиттирди.
Мехмет Женгиз мукофотни қабул қилиб олар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга унинг фаолиятига берилган юксак баҳо ва "Дўстлик" ордени билан тақдирлангани учун миннатдорлик билдирди.
- Ҳурматли тадбир қатнашчилари, хонимлар ва жаноблар. Ҳаётим давомида кўплаб медаль ва орденлар билан тақдирланганман. Лекин Ўзбекистон Президенти томонидан тақдим этилган мазкур "Дўстлик" ордени мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон бизнинг она тупроғимиз. Юртингизга сармоя киритдик, дўстлик алоқаларини ўрнатдик. Бугун мен бу орденни фахр ила қабул қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, юксак эътибор учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдираман. Ўзбекистонда бизга яратиб берилган имкониятлар натижасида ўз фаолиятимизни йўлга қўйдик. Шу орқали биз икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожига оз бўлсада ҳисса қўшяпмиз, - деди у.






