“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ Матбуот хизматининг берган хабарига кўра, иссиқлик электр станциялари ва марказларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Ҳозирга қадар корхона томонидан станцияларда ўрнатилган қуёш панелларининг қуввати 9,6 MVtни ташкил этади. Олиб борилаётган лойиҳалар якунига етгач, тизимдаги фотоэлектр стансияларининг умумий қуввати 15 MVtга етади.
Маълумки, бугунги кунда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, бир сўз билан айтганда, энергия самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунга кўра, “яшил” иқтисодиётга ўтишга қаратилган ислоҳотларни кенгайтириш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган ишлар кўлами сезиларли даражада кенгайди.
Хусусан, корхона томонидан Президентимизнинг ПҚ-4422-сонли “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар электр стансияларидаги қуёш фотоэлектр стансияларининг қуввати 9,6 MVtга етказилди. Ҳозирда яна 5,4 MVt қувватларни ишга тушириш орқали умумий қуёш фотоелектр стансияларининг
қувватини 15 MVtга етказиш ишлари олиб бориляпти.
Жумладан, Тўрақўрғон IESда 3,5 MVt, Сирдарё IESда 520 kVt, Фарғона IEMда 1 MVt, “Толимаржон IES” АЖда 790 kVt ва “Ангрен IES” АЖда 100 kVt қувватга эга қуёш фотоелектр стансияларини қуриш жараёни кетмоқда. Қуёш панелларининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида йилига қўшимча 27,0 млн. kVt.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 5,0 млн. кубметр табиий газ иқтисодига эришилади.






