1

Олий тоифали шифокор байрам дастурхони атрофида тўғри овқатланиш бўйича “мастер-класс” берди

САЛОМАТЛИК 01.01.2024, 11:44
Олий тоифали шифокор байрам дастурхони атрофида тўғри овқатланиш бўйича “мастер-класс” берди

Олий тоифали шифокор Ҳилола Жамилова:

Дастурхон нечоғлик тўкин бўлмасин, бирданига кўп овқат еб қўйманг, ҳар бир овқатни кам-камдан енг;

қуюқ овқатлардан олдин сабзавот ва мевалардан тайёрланган салатлар енг, бу иштаҳангизни жиловлаб, кўп еб қўйишдан сақлайди;

овқатни кўкатлар билан ва хом ҳолдаги сабзавот (масалан сабзи, карам ва турп ва ҳ.к) ва мевалардан тайёрланган салатлар билан қўшиб истеъмол қилсангиз ҳазм қилиш осонлашади;

овқатлар оралиғида олма шарбати ичиб туринг;

истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотининг ҳарорати меъёрда бўлиши лозим, таомни ўта иссиқ ва совуқ ҳолда истеъмол қилиш организм учун зарар ҳисобланади;

иссиқ овқатлар оралиғида кўк чой ичинг, зинҳор иссиқ овқат билан муздек ичимлик ичманг, акс ҳолда ҳазм бўлиши қийинлашади;

ҳар бир овқатланиш оралиғида ҳаракатда бўлиш, ўтириб қолмаслик,  хоналарда юриш ёки бироз пиёда сайр қилиб келиш, ейилган овқат ҳазм бўлгандан сўнг, бошқа таомлардан тановул қилиш мумкин.

агар байрам куни дастурхонда хамирли овқатлар ёки ёғли, қовурилган овқатлар бўлса, аввало, меъёрни унутманг, уларни қатиқ ва қатиқли салатлар ва ошкўклар билан енг ва албатта кўк чой ичиб, ҳазм бўлгунча кутинг, устига бошқа овқат аралаштирманг;

байрам куни кўпроқ ёғсиз гўштлардан тайёрланган овқатлар бўлгани маъқул. Парҳезбоп ҳисобланган товуқ гўштидан фойдаланинг.

дастурхонга мевали торт танланг ва калорияси паст бўлган ширинликлардан қўйинг. Чунки, ширинликларга ружу қўйиш ошқозон ости безини зўриқтиради, оқибатда эса қандли диабет деб аталмиш оғир касаллик ривожлана бошлайди.

барча истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотлари тоза, муддати ўтмаган ва етарли даражада техник қайта ишловдан ўтган бўлиши керак;

таомларни иложи борича бир кун ичида тайёрлаб, истеъмол қилиш ўринли. Чунки қайта иситиб ейилган овқатнинг организм учун фойдаси кам бўлади. Бундан ташқари, байрам куни зўриққан ошқозон- ичакларда янада зўриқиш кузатилиб, нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Овқат тайёрлашда ҳайвон ёғлари ўрнига ўсимлик ёғларини ишлатиш лозим. Чунки ўсимлик ёғлари таркибида холестерин моддаси бўлмайди, шунинг учун енгил ҳазм бўлади. Ҳайвон ёғлари таркибида юқори даражада холестерин моддаси бўлади;

Овқатни пиширишда керагидан ортиқча қовурмаслик керак, чунки зарур бўлган витаминлар ва фаол моддалар ўз хусусиятини йўқотади. Таомларни кўпроқ қайнатиб, бўғлаб тайёрлаш. Бу овқатнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бирга унинг таркибидаги ёғ, туз ва шакар миқдорини камайтиришга кўмаклашади;

Байрам дастурхонидаги шўр бодринг, тузламалардан ўзингизни тийинг. Сутка давомида истеъмол қилинадиган ош тузнинг умумий миқдори бир чой қошиқдан ошмаслиги керак.

Ош тузини кўп истеъмол қилиш кўриш жараёнининг бузилишига, қон босимининг ошиб кетишига ва буйрак хасталикларига сабаб бўлади. Таом пиширишда фақат йодланган ош тузини ишлатиш зарур.

Байрам кунлари ўзингизни соғлом ва енгил ҳис этиб, тетик ва бардам юришни истасангиз, албатта овқатланиш тартибига, сифатига ва меъёрига қатъий риоя қилинг!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1