АсосийЖАМИЯТ

Қуролли Кучлар академиясида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди (фото)

Айни кунларда юртимизда 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз бў...

Айни кунларда юртимизда 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик фестиваллари кенг миқёсда, байрам шукуҳида ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад халқ ва армия бирдамлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништиришдан ҳам иборатдир.

Кеча, 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси фаолияти, таълим жараёнлари, таълим учун яратилган шароитлар билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшма қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!”  мавзусида ПРЕСС-ТУР ташкил қилинди.

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди ҳамда уларга академия саф майдонида ҳарбий оркестр, фахрий қоровул ва взвод бўлинмасининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, шунингдек, академия маданият марказида муассаса фаолияти, таълим жараёнлари ва шароитлари ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг олий ҳарбий таълим муассасаси бўйлаб экскурсия бошланди. Унда ОАВ вакиллари академия тарих музейидаги экспонатлар, ахборот-ресурс марказида яратилган шароитлар, курсантлар бўлинмаси ётоқхонасидаги қулайликлар, “Амир Темур”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди” тематик синфлари ва “Психологик тайёргарлик маркази” ҳамда спорт мажмуасида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Шу билан бирга, журналистлар курсантларнинг ҳарбий ва зирҳли техникалар тренажёрларида техникани бошқариш ва ҳайдаш бўйича амалий машғулотларда иштирок этиб, тренажёрдан отиш бўйича ташкил этилган мусобақада ўзаро беллашдилар. Мусобақа натижаларига кўра ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Пресс-тур якунида иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати ва Қуролли Кучлар академияси масъуллари томонидан батафсил жавоб берилди.

    Бошқа янгиликлар