Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний Ямало-Ненетс автоном округидаги Харп қишлоғидаги махсус режимли колонияга ўтказилганидан бери илк бор суд мажлисида иштирок этди.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Навалний Ковров шаҳар суди йиғилишига видео алоқа орқали боғланган.
6 декабрь куни Навалнийнинг шериклари у билан алоқа узилгани ҳақида хабар беришди: Владимир вилоятидаги ИК-6 қамоқхонасида сақланаётган сиёсатчи билан аввал адвокат учрашишига рухсат берилмади.
Эртаси куни Навалний суд мажлисига киритилмади ва кейинги мажлислар бекор қилинди. 15 декабрь куни Федерал Жазони ижро этиш хизмати сиёсатчи Владимир колониясидан олиб кетилгани ҳақида хабар берди, 10 кундан кейин у Харп қишлоғидаги ИК-3да эканлиги маълум бўлди.






