АсосийDunyo

Қозоғистонда 1 мартдан бошлаб маҳаллий вақт 1 соат орқага кўчирилади

'Қозоғистонда 1 мартдан бошлаб маҳаллий вақт 1 соат орқага кўчирилади'ning rasmi

“Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, бутун мамлакат бўйлаб 2024 йил 1 мартдан соат 00-00 дан бошлаб ягона вақт минтақасидан фойдаланиш белгиланди. 

Шундай қилиб, Қозоғистон Республикасининг бутун ҳудудида 5 соатли минтақа (UTC+5) татбиқ этилади.

Ўзгартиришларга кўра, Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2000 йил 23 ноябрдаги 1749-сонли “Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Остона, Олма-Ота шаҳарлари ҳокимликлари, Чимкент, Ақмола, Олма-Ота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон вилоятлари ҳамда Абай, Жетису, Улитов вилоятларида 2024 йил 29 февралдан 1 мартга ўтар кечаси (соат 00-00 да) маҳаллий вақтни 1 соат орқага кўчириш белгиланади”.

Бугунги кунда Қозоғистонда икки вақт зоналари — UTC+5 ва UTC+6 мавжуд. Мамлакат ҳудудининг ғарбий вилоятлардан ташқари катта қисми UTC+6 зонасида жойлашган.

Қозоғистонда ягона вақт минтақасини ўрнатишни вақтни ҳисоблаш масалалари бўйича ишчи гуруҳ таркибига кирадиган қозоғистонлик олимлар ва экспертлар таклиф қилган.

Ишчи гуруҳ 2023 йил февраль ойида қозоғистонликларнинг энг қулай вақт зонасига ўтиш бўйича такрорий мурожаатлари туфайли тузилган. Унинг таркибига илмий институтлар, тиббиёт олий ўқув юртлари, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, парламент депутатлари ва бошқалар кирди.

Ўтган йил давомида тиббиёт, физиология, география, метрология ва бошқа соҳалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Қозоғистонда қулай вақт зонасини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқди.

Ишчи гуруҳ аъзолари UTC+5 ягона вақт минтақасига ўтишни энг тўғри ва мақбул вариант санаб, бунда Қозоғистоннинг аксарият ҳудудлари табиий вақтга энг яқин вақтдан фойдаланишлари тўғри деган фикрга келди.

Бунда ишчи гуруҳ томонидан халқаро тажриба ўрганилиб, дунёнинг 175 та давлатида ягона вақт минтақаси фаолият юритаётгани, атиги 22 та давлат биттадан ортиқ вақт минтақасида яшаши аниқланди.

Мутахассислар, шунингдек, ягона вақт минтақасининг ўрнатилиши мамлакатимизнинг турли ҳудудлари аҳолиси ўртасидаги вақт билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, транспорт ва бошқа коммуникациялар фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш, давлат органлари ва шошилинч гуруҳлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда ижобий таъсир кўрсатишини қайд этди.

Қарорнинг расмий эълон қилиниши кутиляпти ва 2024 йил 1 мартдан кучга киради.

    Бошқа янгиликлар