Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ватиканда католикларнинг маънавий етакчиси Рим папаси Франциск билан учрашди.
Президент маъмуриятидан берилган баёнотга кўра, Токаев Италияга ташрифининг иккинчи куни Рим папаси билан учрашган.
Учрашув чоғида Токаев кўп конфессияли Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг йирик католик жамоати истиқомат қилишини айтди.
“Мамлакатимизда турли дин вакиллари ўз диний бурчларини ўз зиёратгоҳларида бажаришлари мумкин. Диний эркинлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш сиёсатимизнинг ажралмас қисмидир”, - деди у.
Рим папаси дунёдаги можароларга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдириб, Токаев қўшимча қилди:
“Ҳозирги геосиёсий нотинчлик бутун глобал хавфсизликка путур етказмоқда ва инсониятга улкан азоб-уқубатлар ва иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Қозоғистон масъулиятли давлат сифатида глобал тинчлик ва хавфсизликни сақлашга катта ҳисса қўшмоқда. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сайёрамизнинг турли иссиқ нуқталарида тинчликпарварлик миссияларида қатнашамиз”.
Рим папаси ҳам Токаевга тинчлик ва барқарорликка қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.
Токаев Ватиканнинг давлатлар билан алоқалар бўйича котиби (ташқи ишлар вазири) Пол Ричард Галлагер билан ҳам учрашди ва Ватикан музейига ташриф буюрди.






