Ғазодаги қуролли можаронинг жорий босқичи бошланганидан бери 25 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, дея хабар беради БМТ ахборот сайти ташкилотнинг гуманитар агентликлари маълумотларига таяниб.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси 62 мингдан ортиқ фаластинлик яраланганини маълум қилди. Бошқа нарсалар қаторида, БМТ сектор шифохоналаридаги беморлар тақдиридан хавотир билдирди, чунки ҳозирда Ғазода атиги 14 касалхона фаолият кўрсатмоқда. Уч ойдан ортиқ давом этган шиддатли портлашлар туфайли тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёж маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятларидан анча юқори.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот котиби Кристиан Линдмаернинг айтишича, Ғазодаги Ал-Хайр касалхонаси ҳаво ҳужумлари остида, Носир клиникаси деярли қамалда ва унга кириш блокланган.
"Ҳодисалар даҳшатли сценарий бўйича ривожланмоқда: одамлар кейинги дақиқалар уларга нима олиб келишини билишмайди", деди у.
21 январ куни БМТ Бош котиби Ғазода давом этаётган хунрезликни қоралади ва можаронинг бутун Яқин Шарқ минтақасига тарқалишининг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди. У икки давлат – Исроил ва Фаластин режасини қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, “Фаластин халқининг давлатчилик ҳуқуқидан воз кечиш можаронинг чексиз чўзилишига олиб келади”, деди.
23 январ куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида бир қанча давлатлар ташқи ишлар вазирлари иштирокида Яқин Шарқ можароси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Кузатувчи Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликийнинг айтишича, Ғазо Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг хоҳиши билан "энг шафқатсиз бомбардимон кампаниясини" бошидан кечирмоқда".
Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрданнинг айтишича, агар ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш натижасида ҳокимиятда қолса, бу Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солади. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, агар Хамас гаровдагилар ва Исроилга 7 октабр куни ҳужум уюштирганларни топширса, уруш тугайди.
2023 йил 7 октабр куни Хамас ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади ва у йирик ҳаво ҳужумлари билан бирга бўлди. Декабрь ойи охирида БМТ Ғазо секторида уруш бошланганидан бери 1,9 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганини маълум қилди.





