Туркиянинг марказий қисмидаги Кастамону вилоятида йўловчи автобуси билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси туфайли камида 6 киши ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Ҳалок бўлганларнинг барчаси Туркия фуқаролари, жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган, деди вилоят губернатори Мефтун Далли.
Унга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 05:50 да Истанбулдан Қора денгиз соҳилидаги Синоп шаҳрига кетаётган йўловчи автобуси автомобиль йўлининг Кастамону-Ташкўпру қисмида ағдарилиб кетган.
“Афсуски, 6 нафар фуқароларимиз ҳалок бўлди, 33 нафари тан жароҳати олди, улардан 3 нафарининг аҳволи оғир, барчаси касалхонага ётқизилди”, деди губернатор TRT Haber телеканалида. У автобус ҳайдовчиси рулда ухлаб қолганини истисно қилмади. Вилоят раҳбари ҳодиса сабаблари аниқланаётганини маълум қилди.
Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, Кастамонуда тундан бери ёғаётган қор ҳалокатга сабаб бўлгани инкор этилмоқда. Боиси, ҳодиса йўлнинг музламаган текис қисмида содир бўлган.






