“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Тошкент шаҳар банк хизматлари офисининг замонавий талаблар асосида капитал таъмирдан чиқарилган янги биноси фойдаланишга топширилди. Бинонинг тантанали очилиш маросимида банк Кузатув кенгаши, Бошқаруви аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳар томонлама замонавий қиёфа касб этган янги Тошкент шаҳар банк хизматлари офисида мижозлар банк хизматларидан тезкор ва сифатли фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилганини кўриш мумкин.
"Ҳаммаёқни чиройли қилиб қўйишган, Янги мебеллар, янги компютерлар, барчаси биз учун. Бухгалтерия масаласида келгандим, 10 дақиқада ишим битти. Ходимларга раҳмат",– дейди банк мижозларидан бири – якка тартибдаги тадбиркор Шарипова Роҳила.

Банк офисида яратилган қулайликлардан яна бири шундаки, ходимлар универсаллашди. Авваллари мижоз бир эмас, бир неча ходим билан ишлаши, натижада қимматли вақтини беҳуда сарф қилиши мумкин эди. Эндиликда мижозлар битта ходим орқали барча операцияларни амалга оширишлари мумкин.
Бунинг учун ходимлар малакаси оширилди. Уларнинг мижозларга йўналтирилганлик модели асосида ўқитиш тажрибаси йўлга қўйилди. Бу эса, мижозлар билан ишлаш жараёнларининг янада самарали ва сифатли ташкил этилишидаги инсон омили такомиллашувини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Умуман олиб айтганда, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қуйилди ва бу банк секторида кўрсатиладиган хизматлар бозорининг энг асосий талабларидан биридир.
Тошкент шаҳар "Бизнесни ривожлантириш банк" АТБ бошқармаси бошқарувчи ўринбосари Жаҳонгир Жуманиёзов очилиш маросимида йиғилган журналистларга офисда яратилган бошқа қулайликлар ҳақида ҳам маълумот берди.

"Кўриб турганингиздек, банкимиздаги шароитларнинг ҳаммаси шу мижозлар учун. Қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш, мижозларга ҳар хил имкониятлар яратиш асосий мақсадими", дейди у.
Очилиш маросими доирасида ОАВ ходимлари учун Пресс тур ҳам ташкил этилди.

Мижозлар офисга кираверишда уларни катта зал қарши олади. Залнинг ўнг тарафида жисмоний шахслар учун, чап тарафида эса юридик шахслар учун хизмат кўрсатадиган ходимлар кутиб туради. Мижоз электрон навбат олгач, ўз эҳтиёжига кўра, банк ходимларига мурожаат қилади.
"Пул айирбошлаш ишлари алоҳи, ойна билан беркитилган "кабина"ларда амалга оширилади. Бу мижозлар хавфсизлиги учун", дейди Жаҳонгир Жуманиёзов.





