Бутун сайёра бўйича 1 миллиарддан ортиқ одам семиришдан азият чекмоқда. Бу — Ер шари аҳолисининг ҳар саккиз нафардан бири дегани. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, мазкур кўрсаткич 1990 йилга нисбатан икки баравар кўп.
Шунингдек, энг юқори ўсиш динамикаси ёшлар ўртасида қайд этиляпти. Хусусан, дунё бўйича 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар ҳамда ўсмирлар орасида семириш ҳолатлари тўрт баравардан кўпроқ ошган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус фикрича, бу глобал муаммонинг энг оқилона ечими — соғлом турмуш тарзи. Тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали ортиқча вазндан халос бўлиш ҳамда семизликнинг олдини олиш мумкин. Шунда, ўз-ўзидан юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва саратонга чалиниш ҳолатлари ҳам кескин камаяди.






