1

Танзила Нарбаева БМТ минбарида қатор ташаббусларни илгари сурди

СИЁСАТ 13.03.2024, 08:44
Танзила Нарбаева БМТ минбарида қатор ташаббусларни илгари сурди

Хабар берганимиздек,  БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унинг ишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, Комиссия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ишчи органи бўлиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича халқаро стандартларни ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бу йилги сессияда камбағалликни бартараф этиш, институтлар салоҳияти ва молиялаштиришни кучайтириш орқали гендер тенглигига эришиш ва барча хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, бу борада Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши масалалари муҳокама қилинмоқда.

Анжуманда дунё давлатларининг соҳага масъул парламент ва ҳукумат идоралари, вазирлик ва ташкилотлари, нодавлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб аёлларнинг 10,3 фоизи ўта қашшоқликда яшайди. 2030-йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун камбағалликка барҳам беришдаги муваффақият 26 баравар тезроқ бўлиши керак.

Шу боис, анжуманда бутун дунё ҳукуматлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, экспертлар ва фаоллар аёлларнинг қашшоқлигини тугатиш ва гендер тенглигини оширишга ёрдам берадиган ҳаракатларни ишлаб чиқиш  ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратишмоқда.

Ушбу нуфузли тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида БМТ Аёллар ташкилоти кейинги 5 йилда Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кўплаб ижобий натижаларини эътиборга олиб, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси билан келишган холда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатларининг сессия бўйича маслаҳатлашувларини Тошкент шаҳрида ўтказган эди.

Тадбир якунлари бўйича аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ягона позиция ишлаб чиқилди.

68-сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан Олий Мажлис Сенати Раиси сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб, ҳамкорлик бўйича умумий ёндашувларни маълум қилди ва қатор ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун  БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” доирасида глобал даражада аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш, ўқув дастурлари ва ўқитиш услубларига, шунингдек, СТЕМ-таълимига, айниқса, қишлоқ жойларда гендер ёндашувини жорий этиш  таклиф этилди.

Шунингдек, ҳудудларда БМТТД лойиҳалари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса қишлоқ аёллари учун рақамли саводхонлик ва ИТ кўникмаларини ошириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашувчи рақамли тафовутни бартараф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани тартибга солиш лозимлиги айтиб ўтилди.

68-сессия ўз ишини давом эттирмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1