АсосийDunyo

Ҳиндистондаги масжидда ўзбекистонлик талабалар ҳужумга учрагани айтилди (видео)

'Ҳиндистондаги масжидда ўзбекистонлик талабалар ҳужумга учрагани айтилди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонда таровиҳ намози ўқиётган Ўзбекистон, Бангладеш ва Афғонистон талабалари ҳужумга учрагани қайтилган видео тарқалди.

Хабарларда Ҳиндистоннинг Гужарат университетида таълим олаётган хорижлик ёшлар маҳаллий номаълум гуруҳ аъзолари томонидан тазйиққа учрагани ва улар орасида ўзбекистонлик талаба ҳам борлиги айтилган. 

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси консуллик бўлими ушбу воқеа юзасидан тезкор суриштирув ишларини амалга оширган.

Дипломатия миссиясининг консуллик ҳисобида Гужарат университетида ўқиётган Ўзбекистон вакиллари йўқлиги маълум бўлган. Шунингдек, Ҳиндистондаги ўзбек талабалари ҳамжамияти аъзолари юқорида номи келтирилган олий билим юртида мамлакатимиз вакиллари борлигини тасдиқламади.

Ҳиндистоннинг расмий идоралари билан олиб борилган мулоқотлар доирасида ҳам Гужарат университетида ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмаслиги аниқланди.

"Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ушбу воқеани ўрганиш муносабати билан Ҳиндистонда таълим олиш ёки бошқа мақсадлар билан узоқ муддат давомида бўлиб турган ватандошларимизга уларнинг дипломатия миссиясида консуллик ҳисобига туриши зарурлигини қатъият билан яна бир бор эслатиб ўтади.

Бу эса турли кутилмаган нохуш ҳолларга тушиб қолган фуқароларимизга тезкор ва самарали консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун имконият яратади.

Элчихона консуллик бўлимига қуйидаги алоқа воситалари орқали мурожаат қилиш мумкин:

Телефон: +91 11 2467 0774/75

Эл. почта:  in.uzembassy@mfa.uz ва info.uzbekembassy@gmail.com

Телеграм-бот: @consuluzbindia_bot", дейилади баёнотда.

 

    Бошқа янгиликлар