Пойтахтда Наврўз умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистоннинг цивилизация салоҳияти: юмшоқ куч механизми сифатида” мавзуида медиа-тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)томонидан ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзбекистон маданий мероси” ва “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомлар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонларга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, шунингдек, ёшлар клублари фаолияти ҳақида видеоролик ҳамда WOSCU фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.
– Бизнинг мақсадимиз икки кучни – дипломатия ва маданиятни бирлаштиришдир. WOSCU жуда кўп тадқиқот ишларини амалга оширди ва бу билим келгусида бўлажак дипломатлар фаолиятида амалий фойда келтириши мумкин. Биз кинематография соҳасида ҳам амалий ҳамкорликни режалаштирмоқдамиз. Ўзбек киноси бой меросга эга бўлиб, бизнинг мақсадларимиздан бири юмшоқ кучни тарғиб қилиш, кино орқали маърифатпарвар зиёлилар, жадидлар тарихи ҳақида хорижий мамлакатларга етказа олишдир. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Кино жамғармаси билан ҳамкорликда халқаро киноклуб ташкил қилиб, Ўзбекистонда ишлаётган дипломатларни таклиф қиламиз ва ўзбек киносини хорижда намойиш этамиз”, — деди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисинингбиринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Шунингдек, WOSCU томонидан хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига китоб-альбомлар ва сертификатларини топшириш анъанавий маросими бўлиб ўтди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга “Ўзбекистон маданий мероси” ва “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумларининг 70 жилдлик китоб-альбомларини олиш учун алоҳида сертификатлар топширилди.

– Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон маданияти билан шуғулланувчи хорижий музейлар, кутубхоналар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш WOSCU фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан бу борадаги ҳамкорлик биз учун янги уфқларни очиб, мақсадли ёшлар туфайли сафимизга янги куч ва ғояларни олиб кирмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистон маданияти ва мероси ҳақидаги билимларни янги авлодга етказиш нафақат миссия, балки Ватанимиз тарихи олдидаги бурч эканлигини тушунишга асосланади. Биз ҳар бир ўқувчида бу билимларни бутун дунёга тарқатадиган, уни халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги кўприкка айлантирадиган бўлажак маданият дипломатини кўрамиз. Бу глобал тушуниш ва тинчлик воситаси сифатида маданиятнинг “юмшоқ кучи”га бўлган умумий ишончимизни таъкидлайди”, — деди WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаол ва иқтидорли талабаларининг чиқишлари, жумладан «Дипломат» театр-студияси томонидан тайёрланган «Жадидлар» спектакли, “Лазги” хоразм миллий рақси,«Беқасам» бренди миллий либосларининг намойиши байрамга ўзгача кайфият бахш этди.
– WOSCU Ўзбекистон маданий меросини ўрганишга бағишланган ажойиб кўргазма ташкил қилди. Бу нашрларнинг энг катта афзаллиги шундаки, уларда мамлакатимизнинг хорижда сақланаётган турли осори-атиқалари намойиш этилмоқда. Биз хориждаги барча музейларга шахсан ташриф буюра олмаймиз, лекин бу ерда иллюстрациялар ва батафсил тавсифлар туфайли уларни кўришингиз мумкин. Биз WOSCU олимлари билан суҳбатлашдик ва кўплаб янги маълумотларни билиб олдик. Бўлажак дипломатлар сифатида биз учун бундай мулоқотлар жуда муҳим, – дейди ЖИДУ талабаси Фарангиз Нормаматова.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг бош ҳомийси Eriell Group халқаро нефть-сервис компанияси ҳисобланади.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) 2018 йилда дунёнинг 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 2019 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган, шунингдек 2023 йилда жамиятнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси ўз фаолиятини бошлаган.
Бугунги кунда WOSCU 450 дан ортиқ дунё олимларини бирлаштириб, ҳар йили давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, ижтимоий масъулиятли тадбиркорлик субъектлари кўмагида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомларни нашр этади, шунингдек маданий тадбирлар ва оммавий ахборот воситалари учун тадбирлар уюштиради.





