1

Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақида янги фармон имзолади

ДУНЁ 31.03.2024, 17:21
Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақида янги фармон имзолади

Россияда муддатли ҳарбий хизматга чақирув максимал ёш чегараси 27 ёш эди. 2023 йилда қонунларга ўзгартириш киритилди ва ёш чегараси 30 ёшгача оширилди. Бу тартиб 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

Владимир Путин Россия фуқароларини ҳарбий хизматга баҳорги чақирув тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, 150 минг киши 1 апрелдан 15 июлгача бўлган даврда муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

2024 йил 1 январдан кучга кирган янги қоидаларга кўра, Россияда чақирув ёши оширилган ва энди 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Россия нашрларида хабар қилинишича, 2023 йил охиригача 27, 28 ёки 29 ёшга тўлган ва захирада бўлганлар бундан мустасно.

Россия давлат Думасининг Мудофаа ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов аввалроқ «2023 йил охиригача, ҳатто 31 декабр куни соат 23:59 да 27 ёшга тўлган фуқаролар ҳарбий захирага олинади ва улар 2024 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилмайди. Ҳозир 28 ёки 29 ёшда бўлганлар аллақачон захирада», деган эди.

Маълумот учун, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 2022 йил охирида ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини 18-27 ёшдан 21-30 ёшга ўзгартиришни таклиф қилди. Ҳарбий чақирув ёшининг чегаралари босқичма-босқич ўзгартирилиши тахмин қилинган эди. Аммо Россия ҳукумати ҳар қандай ўтиш давридан воз кечди ва янги тартиб белгиланди.

Давлат думаси 2023 йил 25 июлда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришларни учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатнинг асл нусхасида пастки чегара бир вақтнинг ўзида – 18 ёшдан 21 ёшгача кўтарилиши кўзда тутилганди.

Аммо июл ойида Думанинг Мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов чақирув ёшининг қуйи чегараси ўзгармаслиги ва фақат юқори чегара кўтарилишини маълум қилди.

24 ноябр куни Россия ҳукумати ҳарбий рўйхатга олиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани парламент томонидан қабул қилинган қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлаштириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Шу тариқа максимал 30 ёш деб белгиланди ва бу тартиб 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1