АсосийЖАМИЯТ

ЙПХ инспекторини BMW’да уриб ўлдирган ўсмир 2 йил 4 ойга қамалди

'ЙПХ инспекторини BMW’да уриб ўлдирган ўсмир 2 йил 4 ойга қамалди'ning rasmi

Тошкентда BMW М4 русумли автомобиль бошқариб, ЙПХ инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборган 2010 йилда туғилган Дониёр Турғунов 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Бугун, 18 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Дониёр Турғуновга нисбатан юритилган жиноят иши бўйича ёпиқ суд мажлиси якунланган.

Суд ҳукми билан Турғунов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жазони ўташ муддати Турғуновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган 2026 йил 27 февраль кунидан ҳисобланади.

Суд якунида тарафларга ҳукм мазмуни, жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, шунингдек, ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби тушунтирилган.

2026 йил 25 февраль куни соат 21:46 да 2010 йилда туғилган Дониёр Турғунов ҳайдовчилик гувоҳномасисиз BMW М4 русумли автомобилни бошқариб, Тошкент шаҳри Миробод тумани Миробод кўчасида ҳаракатланган.

Шу вақтда у Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборган.

Оғир тан жароҳати олган ички ишлар органи ходими уч кун давомида шифокорлар назоратида бўлган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, у вафот этган.

Ҳодисадан сўнг инспекторнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олинган.

2026 йил март ойида Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум қилинган. У жиноят иши доирасида Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган.

    Бошқа янгиликлар