АсосийДУНË

Москва вилоятидаги кимё заводида портлаш содир бўлди. 7 киши ҳалок бўлган

Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва тиббий хизматлар жалб қилинган.

'Москва вилоятидаги кимё заводида портлаш содир бўлди. 7 киши ҳалок бўлган'ning rasmi

Россиянинг Москва вилоятидаги Краснозаводск кимё заводида 1 октябрь куни бир неча кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди. 

Қайд этилишича, портлашлар “Ростех” таркибига кирувчи Краснозаводск кимё заводининг цехларидан бирида юз берган. Маҳаллий аҳоли камида учта кучли портлаш овозини эшитгани, зарба тўлқини оқибатида яқин атрофдаги уйлар силкинганини билдирган. Шундан сўнг корхона ҳудудида ёнғин бошланган. 

Маълумотларга кўра, портлаш содир бўлган 4-цех тўлиқ қулаган. “SHOT” маълумотида ҳалок бўлган 7 киши айнан шу цехда бўлгани айтилган. Корхонада бўлган 40 нафардан ортиқ ишчи эвакуация қилинган, яна бир неча кишининг тақдири номаълум экани хабар қилинган. 

Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва тиббий хизматлар жалб қилинган. Учта тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда Тиббий офатлар марказининг иккита бригадаси ишлаган. Қутқарув ишлари давом эттирилган. 

Гувоҳлар тарқатган видеоларда завод ҳудудидан кўтарилаётган қуюқ тутун ва кучли ёнғин акс этган. Россиялик расмий манбалар ҳодисани техноген хусусиятга эга деб баҳолаган. Сергиев Посад шаҳар округи раҳбари Алексей Лужецкий портлаш дронлар ҳужуми билан боғлиқ эмаслигини билдирган. 

Краснозаводск кимё заводи патронлар, пиротехника ва бошқа махсус кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариши ҳақида маълумотлар бор. 

Эслатма: айрим Telegram-каналларида қурбонлар ва бедарак йўқолганлар сони борасида бошқа рақамлар ҳам келтирилган. Бироқ ҳозирча очиқ манбаларда энг кўп қайд этилган маълумот — 7 киши ҳалок бўлгани ҳақида. 

    Бошқа янгиликлар

    Москва вилоятидаги кимё заводида портлаш содир бўлди. 7 киши ҳалок бўлган - Darakchi.uz