АҚШнинг Массачусетс штатидаги учта католик епархиясида 275 нафар руҳоний 944 нафар болага нисбатан жинсий зўравонликда айблангани аниқланди. Бу ҳақда штат Бош прокуратураси ҳисоботига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Мазкур ҳолатлар Массачусетс Бош прокурори Андреа Жой Кемпбелл бошчилигида ўтказилган кўп йиллик тергов доирасида аниқланган. Текширув Фолл-Ривер, Спрингфилд ва Вустер католик епархияларини қамраб олган.
Тергов 2019 йилда бошланган. Бош прокуратура ходимлари текширув давомида 300 мингдан ортиқ ҳужжатни ўрганган ва 100 дан зиёд шахс, жумладан, жабрланганлар, адвокатлар, руҳонийлар ҳамда епархия ходимлари билан суҳбатлашган.
Ҳисоботда келтирилган зўравонлик ҳолатларининг аксарияти 2002 йилгача содир бўлган. Айнан шу йили “Boston Globe” газетаси Бостон архиепархиясида руҳонийлар томонидан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари яширилгани ҳақида кенг қамровли суриштирув эълон қилган.
Кемпбеллнинг таъкидлашича, тергов учта епархия раҳбарияти болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳақида йиллар давомида хабардор бўлганини кўрсатган. Ҳисоботда айрим ҳолатларда руҳонийлар ҳақидаги шикоятлар етарлича текширилмагани, айбланган шахслар бошқа черковларга ўтказилгани ва уларнинг фаолияти устидан назорат етарли даражада олиб борилмагани қайд этилган.
Бош прокуратура тергов давомида учта ишни маҳаллий прокурорларга юборган. Улардан бири Вустер округи прокурори идорасига йўналтирилган бўлиб, натижада жиноий айбловлар қўйилган. Бироқ тергов доирасида янги оммавий айбловлар эълон қилинмаган.
Бош прокуратура айрим ҳолатлар содир этилган вақтда Массачусетс қонунчилиги бўйича жиноят ҳисобланмагани, бошқа ҳолатларда эса даъво муддати ўтиб кетгани сабабли жиноий таъқиб имкони бўлмаганини маълум қилди.
Кемпбелл епархияларда болаларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, жабрланганлар билан ишлашда улар манфаатларини устувор қўйиш ва руҳонийларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳақидаги хабарларни мустақил ҳамда тўлиқ текширишни таъминлаш зарурлигини билдирган. Шунингдек, у болаликдаги жинсий зўравонлик бўйича фуқаролик даъволари учун даъво муддатини бекор қилишни таклиф қилган.
Фолл-Ривер епископи Эдгар да Кунья зўравонликдан жабрланганлардан узр сўраган. Спрингфилд епископи Уильям Бирн ҳисоботни “камтарликка ундовчи” деб атаган ва епархияда янги сиёсат ҳамда тартиб-таомиллар жорий этилганини билдирган.
Вустер епархияси эса ҳисоботни ўрганиб чиқишини, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чораларни белгилашини маълум қилган.






