АсосийДУНË

Сурияда йўловчи автобуси ўққа тутилди. 7 киши ҳалок бўлди

Маълум қилинишича, ҳужум 30 сентябрь куни кечқурун Суриянинг Хомс вилоятидаги Мясоф кўприги яқинида содир бўлган.

'Сурияда йўловчи автобуси ўққа тутилди. 7 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Суриянинг ғарбий қисмида йўловчи автобусига қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужум 30 сентябрь куни кечқурун Суриянинг Хомс вилоятидаги Мясоф кўприги яқинида содир бўлган. Номаълум шахслар автобусга ўқ узган.

Автобусда хусусий компания ходимлари, жумладан муҳандис ва ишчилар бўлган. Улар иш куни якунланганидан сўнг уйларига қайтаётган эди. Ҳалок бўлганлар орасида Сурия Электр компанияси ходими ҳам бор.

Ҳужумда 4 киши жароҳатланган. Улар Хомс шаҳридаги шифохоналарга олиб борилган.

Ҳозирча ҳужумни ким содир этгани ва унинг сабаби маълум эмас. Ҳеч бир гуруҳ воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Сурия хавфсизлик кучлари ҳодиса жойида тергов ишларини олиб бормоқда.

Сурияда Башар Асад ҳокимияти 2024 йил охирида ағдарилганидан кейин мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Мамлакатнинг турли ҳудудларида қуролли ҳужумлар ва портлашлар содир бўлиб турибди.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг Идлиб вилоятидаги Сармада шаҳри яқинида қурол-яроғ ва урушдан қолган портловчи воситалар сақланган омборда портлаш содир бўлиб, камида 14 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Сурияда йўловчи автобуси ўққа тутилди. 7 киши ҳалок бўлди - Darakchi.uz