АсосийЖАМИЯТ

Минглаб иш ўринлари яратадиган, экспорт қиладиган корхоналар қўллаб-қувватланади

Зарбдордаги “Зарбдор текстиль” корхонасида 800 киши ишлайди. Туркиялик инвестор бу ерда ян...

Зарбдордаги “Зарбдор текстиль” корхонасида 800 киши ишлайди. Туркиялик инвестор бу ерда яна 1 минг ўринли қувватларни ишга тушириш ва экспортни 50 миллион доллардан оширишни мўлжаллаган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари бундай минглаб иш ўринлари яратадиган, экспорт қиладиган корхоналарни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди.

Мутасаддиларга экспорт ҳажми 50 миллион доллардан ошган корхоналарга айланма учун 10 миллион долларгача ресурс ажратишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

Зарбдор ҳудудидан ўтган Қўқон - Жиззах автомобиль йўли четидаги 55 гектар, Янгиободда 700 гектар эски пистазорларни янгилаб, 5 гектардан аҳолига бўлиб бериш таклифи маъқулланди.

Шунингдек, Зарбдорда сотилмай қолаётган 10 та ва хусусийлаштириш дастурига киритилган 6 та объектнинг бошланғич баҳосини 10 фоизгача пасайтириб, 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилса, тадбиркорлар лойиҳа қилиши ва 200 та иш ўрни яратилиши мумкинлиги таъкидланди. 

“Мана, биргина туманни ўзида қанча имконият! Қўшимча 5 мингта иш ўрни, камида 50 миллион доллар экспорт, туман бюджетига қўшимча 80 миллиард сўм тушум”,– деди давлатимиз раҳбари.

Президент вилоят бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди.

Жиззахда томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди.

Лидер тадбиркор – экспортчи учун ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий хизмат пакети ишлаб чиқилади.

Бу борада банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради, хонадонларга Оилавий тадбиркорлик дастуридан 33 миллион сўмдан, “Бизнесга биринчи қадам” дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.

Кам ҳосил бераётган ерлар 50-100 гектардан йирик лот шаклида, қолгани 1-5 гектардан лотларга бўлиниб, мева-сабзавот экадиганларга таклиф қилинади.

Йирик майдонда маҳсулот экадиганлар қолган кичик майдон эгаларини ҳам шу йўналишга тортади.

Шулар ҳисобига вилоятда мева-сабзавот етиштириш ҳажми икки йилда 3 миллион тоннага, кейинчалик 5 миллион тоннага олиб чиқилиши режа қилинган. Бу мос равишда қайта ишлаш ва экспортни ҳам 2-3 баробар оширишга замин бўлади.

#“Зарбдор текстиль”       #экспорт    #хусусийлаштириш   

    Бошқа янгиликлар