АсосийЖАМИЯТ

Жиззахда тўртта туманини шаҳар билан боғловчи тепловоз қатнови йўлга қўйилади

Жиззах вилоятида туризм ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақд...

Жиззах вилоятида туризм ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

10 та маданий мерос объектида “Туризм ҳалқаси” яратилиши, уларга туризм маҳалласи мақоми берилиши белгиланди.  “Туризм ҳалқаси” объектларига борадиган йўлларни таъмирлаш топширилди.

Халқаро “М-39” йўлининг вилоят ҳудудидан ўтган 98 километр қисмидан кунига 40 минг автомобиль қатнайди. Бу йўлни четида бўш турган 4 гектар ерлар тадбиркорларга таклиф қилинса, 20 минг аҳолини доимий банд қилиш мумкин

Айдар-Арнасой кўллари тизимида туризм учун етарли салоҳият бор. Уни рўёбга чиқариш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилади.

Уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш – доимо диққат марказида. Бу йил вилоятда 4,5 минг хонадонли 118 та уй-жой қуриш режа қилинган.

Давлатимиз раҳбари бу етарли эмаслигини қайд этиб, уй-жой қурилишини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Дўстлик туманидаги “барак” уйлар ўрнида янги уй-жой қуриш тажрибаси асосида қолган туманлардаги 2 мингга яқин эски уйлар ўрнида 50 минг хонадонли замонавий уйлар қуриш дастурини тасдиқлаш топширилди. 

Зомин, Бахмал ва Форишда ҳам уй-жой қуриш дастурлари бошланади.

Сентябрдан бошлаб Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини Жиззах шаҳри билан боғловчи “Иржар – Дўстлик – Жиззах” йўналишида тепловоз қатнови йўлга қўйилади. Натижада ушбу туманлардаги 450 минг аҳолини шаҳарга қатнашида енгиллик яратилади.

Вилоятдаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, жойларда боғча ва мактаблар қуриш, Жиззах шаҳридаги тиббиёт муассасалари ва кўприкларни таъмирлаш чора-тадбирлари юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Умуман, Жиззахда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, грантлар ажратиш учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди, вилоят фаоллари билан мулоқот бўлди.

#Жиззах     #туризм       #“Туризм ҳалқаси”       #уй-жой қуриш 

    Бошқа янгиликлар