Сўнгги ойларда тўқимачилик маҳсулотларимиз 3 та янги бозорга чиқди, экспорт географияси 83 та давлатга кенгайди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Бироқ ҳанузгача экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани таъкидланди. Шунингдек, Европага экспортни кўпайтириш долзарб аҳамиятга эга.
“Европа, Америка ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун корхонадан халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин, экспортчиларимизнинг 12 фоизигина бундай талабларга жавоб беради”, – деди Президент.

Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарларининг бу борадаги фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди.
Йирик корхоналарнинг маҳаллаларда филиалларини ташкил қилиш амалиётини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Чунки корхона бошқа ҳудудда филиал очса, ортиқча вақт ва харажат қилиб, янгидан стандарт жорий қилиши ёки сертификат олиши шарт эмас.
Ўз фаолиятини йириклаштирган корхоналар билан ишлашда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан буён Инспекция фақат йирик стратегик тармоқларга масъул бўлиши таклиф қилинди.

Тўқимачилик корхоналари учун энг катта масалалардан бири бу – хом ашё.
Юртимизда 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш қуввати бор. Кейинги 2 йилда янги лойиҳалар ҳисобига ушбу қувватлар 1,5 миллион тоннага етади. Лекин ҳозирда 1 миллион тоннага яқин тола ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай шароитда яккаю-ягона йўл – пахта етиштириш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш шартлиги таъкидланди.
Бундан буён вилоятда қайта ишлашни биринчи ва иккинчи занжири бор тўқимачилик корхонаси пахта хом ашёсини фермердан бозор нархида сотиб олиш имкониятига эга бўлади ва ўз вақтида якуний ҳисоб-китобни амалга оширади.





