Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биноси ҳудудидаги йирик дарахтлар кесиб, яширинча олиб кетилаётгани акс этган видеолар юзасидан Экологик партия расмий муносабат билдирди.
Партия Бош прокуратура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ушбу ҳолатга чора кўрилишини сўраган.
“Иқлим ўзгаришини юмшатишнинг энг муҳим аспекти-бу дарахтларнинг кўп бўлиши. Шундоқ ҳам пойтахтимизда саноқли қолган дарахтларимизни асраш бўйича мораторийга ва экофаолларимиз бонг уришига қарамасдан ҳали ҳамон дарахткушлар тўхтамаяпти”, — дейилади партия муносабатида.
Тармоқларда тарқалган видеоларда бузилаётган бино ҳудудидан йирик дарахтлар устига мато ташланган ҳолда олиб чиқиб кетилаётгани кўринади.
Тошкентдаги собиқ МХХнинг бузилаётган биноси ҳудудидан йирик дарахтлар кесиб, устига мато ташлаб яширинча олиб кетилаётгани видеоси тарқалади. Экологик партия ушбу ҳолатга зудлик билан чора кўришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилганди.