1

3 қоп рублни Қирғизга ўтказмоқчи бўлган шахс 5 йилга қамалди (видео)

ЖИНОЯТ 24.05.2024, 10:33
3 қоп рублни Қирғизга ўтказмоқчи бўлган шахс 5 йилга қамалди (видео)

Қарийб 80 млн рублни Қирғизга ўтказмоқчи бўлган шахс 5 йилга қамалди. Бу ҳақида ДХХ матбуот хизмати darakchi.uz га маълум қилди.

Фуқаро 2023 йилнинг декабрь ойида Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган. 

Чегара  томон ҳаракатланган Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганида, унинг салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн. 994 минг 900 Россия рубли борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган эди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс ушбу валюта қимматликларини чегарадан ўтказиб бериши эвазига маълум миқдорда хизмат ҳақи олиши керак бўлган ва бундай ноқонуний ҳаракатни муқаддам 4 маротаба амалга оширган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан эса ушбу шахс Жиноят Кодексининг 25,28,182-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тезкор тадбир давомида ундан ашёвий далил сифатида олинган 79 млн. 994 минг 900 Россия рубли суд ҳукмига мувофиқ давлат эгалигига ўтказилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1