Триция Сомерс ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини яшаётганлигини яхши биларди, деб хабар беради “Nonbox.ru” шаҳри.
Аёл эндигина 45 ёшга кирган бўлса-да, амммо жигар саратони унинг яшашига ҳеч қандай имкон қолдирмаганди. Уни кучли жисмоний оғриқлар, ажал эмас, фарзандининг ёлғиз қолиши кўпроқ ташвишга соларди. Триция фарзандини ёлғиз, отасиз вояга етказарди. Вафотидан кейин боласининг ёмон қўлларга тушиб қолишидан жуда хавотирланарди. Баъзида инсон келажакда ўзини нималар кутаётганидан бехабар бўлади.
Навбатдаги кимётерапия пайтида у исми ҳам, фамилияси ҳам уники билан бир хил бўлган Триция Симан деган ҳамшира билан танишиб қолди. Бу аёлга нисбатан унда сўз билан ифодалаш қийин бўлган илиқлик пайдо бўлди ва у излаётган одам айнан шу аёл эканлигини ички туйғуси билан ҳис қилди. Фақатгина шу аёл ёлғиз фарзандига она бўлишига ишонч ҳосил қилди.
Врачлар унинг саноқли ойлар умри қолганлигини айтишганда, ўғли Уэсли эндигина саккиз ёшга кирганди. Аёлнинг ҳеч кими йўқ, ўғли ҳам отасиз вояга етмоқда эди. Агар у вафот этадиган бўлса, ўғли бирор бефарзанд оила қарамоғига бериб юборилади. Аммо у ёмон оиланинг қўлига тушиб қолса-чи, деган ўй унга тинчлик бермади. Шунда Триция ортиқ кута олмаслигини тушунди ва ёқимтой ҳамширадан “Ўлимимдан кейин ўғлимга ғамхўрлик қилоласизми?”, деб сўради.
Ҳамшира аёлнинг бу гапига тезда жавоб қайтаролмади, ахир бундай савол ҳар куни берилмайди. Унинг ўзи тўрт фарзандни вояга етказяпти, бегона аёлнинг гапига нима деб жавоб беришни билмай, каловланди.
“Мен унга нима деб жавоб беришни билмай, юксак ишончи учун миннатдорчилик билдирдим ва ўйлаб кўриш учун бироз вақт беришни сўрадим, – деб хотирлайди ҳамшира. – Аммо ўшандаёқ унга рад жавоби беролмаслигимни юрагимнинг туб-туби билан англадим”.
Ҳамшира турмуш ўртоғи Даниел билан Уэслини фарзандликка олиш тўғрисида маслаҳатлашди. Унинг таклифини Даниел ҳам қўллаб-қувватлади. Бемор аёл жудаям оғирлашиб қолганда, Симанлар оиласи уни ва ўғлини оилаларида яшашга таклиф қилди ва унга “Энди мен сизнинг ҳамширангиз эмасман, биз ягона оилага айландик”, деди.
Қуйидаги сурат Триция Сомерс вафот этишидан сал илгари олинган. Врачларнинг башорат қилишлари бўйича, унинг умри тугаган эди, аммо у янги оилада ўзини жуда ҳам бахтли ҳис қилди, ҳаттоки улар билан дам олишга денгизга ҳам бирга борди.
Эндиликда Уэсли Сомерс катта оилада яшайди, унинг уч опаси ва бир укаси бор. “У жудаям ақлли бола, унинг яхши ўқиши ва муваффақиятларга эришишида қўлимиздан келганча ёрдам берамиз, — дейди боланинг боқиб олган онаси. — Уэсли ёлғиз эмаслигини яхши билади, энди у ҳақда қайғурадиган янги оиласи бор”.
Ўлимга маҳкумлигини билиб, фарзандини бегона аёл, бегона оилага топширган аёл ҳақида ҳатто ҳужжатли фильм суратга олинди. Унинг айнан шу оилада ўғли бахтли бўлишини илгаридан қандай билгани, биз учун қоронғи. Ҳар қалай онанинг юраги алдамайди, у энг яхши маслаҳатчидир...