Ғазо шаҳрида кўчирилган аҳолига озиқ-овқат етказаётган автомобиль Исроил дрони ҳужумига учради. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди. Шунингдек, Жабалияда яна бир фаластинлик отиб ўлдирилди, Хон Юнисдаги ҳужумда эса уч киши жароҳатланди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум 21 ноябрь, шанба куни Ғазо шаҳрининг Тал ал-Ҳаво маҳалласида содир бўлган. Зарба берилган автомобиль World Central Kitchen халқаро гуманитар ташкилоти билан ҳамкорлик қилувчи жамоага тегишли бўлган.
Ҳодиса гувоҳининг сўзларига кўра, автомобиль болаларга озиқ-овқат ва ичимлик тарқатиш учун тўхташга тайёрланаётган вақтда ракета зарбасига учраган.
Бундан ташқари, Ғазо шимолидаги Жабалия қочқинлар лагери яқинида жойлашган Ҳалава кўчирилганлар лагерида бир нафар фаластинлик эркак Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган. Унинг жасади ал-Шифо шифохонасига олиб борилган.
Хон Юнис шаҳрининг ал-Маваси ҳудудида эса электр велосипедда ҳаракатланаётган ёш йигитга қарши ҳужум уюштирилган. Оқибатда уч киши жароҳатланиб, Носир тиббиёт мажмуасига етказилган.
Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари 2025 йил октябрь ойида кучга кирган сулҳга қарамай давом этмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сулҳ бошланганидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида 1 671 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Томонлар ўртасидаги сулҳ келишуви шу давр мобайнида 600 мартадан ортиқ бузилгани айтилмоқда.
Айни пайтда, қишки ёмғирлар ва сув тошқинлари Ғазодаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, аҳоли овқат тайёрлаш учун чиқиндиларни ёқишга мажбур бўлмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти эса Мисрда сақланаётган 100 мингдан ортиқ чодир Исроил томонидан жорий этилган чекловлар сабабли Ғазога етказиб берилмаётганини билдирган.
Маълумот учун, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари бошланганидан буён жами 74 736 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.






