22 ноябрь куни Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён мамлакат Таълим вазири Чхве Гё Чжиннинг истеъфосини қабул қилди. Бунга мактаб битирувчилари учун ўтказиладиган ягона давлат имтиҳонида сунъий интеллект ёрдамида кўчириш ҳолатларининг олдини олишга расмийлар етарлича тайёргарлик кўрмагани ва жамоатчиликнинг норозилиги сабаб бўлди. Бу ҳақда президент маъмурияти хабар берди.
Президент маъмурияти маълумотига кўра, Чхве Гё Чжин лавозимдан кетиш истагини билдирган. Давлат раҳбари унинг аризасини қабул қилган ва энди таълим вазири лавозимига янги номзод танлаш жараёни бошланади.
Шунингдек, Ли Чжэ Мён Бош вазир Хан Сон Сукка имтиҳонларда адолатли баҳолашни таъминлаш ва электрон қурилмалар орқали кўчиришнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширган.
Аввалроқ Чхве Гё Чжин расмийлар сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда кўчириш эҳтимолига ўз вақтида тайёргарлик кўра олмаганини тан олган эди. Унинг қайд этишича, имтиҳон тартибига сўнгги дақиқаларда киритилган ўзгаришлар иштирокчилар орасида ноқулайлик ва чалкашликларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин.
Можаро жорий йил 19 ноябрь куни мамлакат бўйлаб мактаб битирувчилари учун ўтказилган ягона давлат имтиҳонидан кейин кучайди. Жамоатчилик тест синовларида сунъий интеллектдан фойдаланиб кўчириш эҳтимоли ва бундай ҳолатларни аниқлаш механизмлари етарли эмаслигидан хавотир билдирган.
Бунга бир неча кун олдин содир бўлган воқеа ҳам сабаб бўлган. 15 ноябрь куни солиқ маслаҳатчилари учун ўтказилган аттестация имтиҳонида энг юқори натижани қайд этган иштирокчи митти камера ва сунъий интеллектдан фойдаланганини тан олган.
Шундан сўнг Жанубий Корея ҳукумати битирув имтиҳонида электрон қурилмалар ёрдамида кўчиришнинг олдини олиш чораларини кучайтирди. Хусусан, ташкилотчилар ўқувчиларнинг кўзойнакларини текшириб, яширин камера ўрнатилиши мумкин бўлган тугмаларни елимлаб қўйди. Бу орқали "ақлли" кўзойнаклар ва митти камералардан фойдаланиш имкониятини чеклашга ҳаракат қилинди.
Шунингдек, аудиторияларга смартфон олиб кирганларни аниқлаш учун фавқулодда вазиятларда қўлланадиган оммавий мобил огоҳлантириш тизимидан фойдаланилди. Телефон ёқилган ҳолатда бўлса, ҳатто овозсиз режимда ҳам огоҳлантириш сигнали ишга тушади.
Учта оммавий хабарнома орқали 54 нафар қоидабузар аниқланган. Умуман, 2026 йилги имтиҳонда электрон қурилмалар ёрдамида кўчиришга уриниш билан боғлиқ 111 та ҳолат қайд этилган. 2025 йилда эса бундай ҳолатлар 98 тани ташкил қилган.
Маълумот учун, 2026 йилги ягона давлат имтиҳонида қарийб 500 минг нафар мактаб битирувчиси иштирок этган. Ушбу имтиҳон Жанубий Кореяда олий таълим муассасаларига киришдаги энг муҳим синовлардан бири ҳисобланади.






