АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Исроиллик кўчманчилар Фаластиннинг бир нечта қишлоғига ҳужум қилди

Ҳужумлар оқибатида камида 12 та автомобиль ёқиб юборилди, уйлар деворларига эса ирқчилик мазмунидаги ёзувлар битилди.

'Исроиллик кўчманчилар Фаластиннинг бир нечта қишлоғига ҳужум қилди'ning rasmi

22 ноябрь куни эрта тонгда исроиллик кўчманчилар босиб олинган Ғарбий Соҳилнинг Рамаллоҳ ва ал-Бира вилоятларидаги бир нечта Фаластин қишлоғига ҳужум қилди. Ҳужумлар оқибатида камида 12 та автомобиль ёқиб юборилди, уйлар деворларига эса ирқчилик мазмунидаги ёзувлар битилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужумлар Кафр Малик, Дайр Абу Машъал ва Дайр ас-Судан қишлоқларида содир бўлган. Al Jazeera мухбири Нур Оденинг Кафр Маликдан хабар беришича, маҳаллий аҳоли тунги соат 02:00 атрофида ёнғин ва портлаш овозларидан уйғонган. Кейинчалик исроиллик кўчманчилар бир нечта автомобильга ўт қўйгани маълум бўлган.

Фаластиннинг Девор ва аҳоли пунктларига қаршилик кўрсатиш комиссияси маълумотларига кўра, октябрь ойида Фаластин ҳудудларида жами 3 133 та ҳужум қайд этилган. Уларнинг 1 764 таси Исроил кучлари, 1 369 таси эса исроиллик кўчманчилар томонидан амалга оширилган.

Бу кўрсаткич сентябрь ойига нисбатан 53 фоизга кўп. Хусусан, кўчманчилар ҳужумлари бир ой ичида 647 тадан 1 369 тага етиб, 112 фоизга ошган.

Ғарбий Соҳилдаги ҳужумлар Исроилнинг ўзида ҳам сиёсий баҳсларга сабаб бўлмоқда. «Яшар» партияси етакчиси Гади Эйзенкот сўнгги воқеаларни «яҳудий терроризми» деб атади.

Унинг таъкидлашича, экстремистик гуруҳларнинг автомобиллар ва уйларга ўт қўйиши нафақат маҳаллий аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди, балки минтақавий барқарорликка, Исроил миллий хавфсизлиги ва халқаро алоқаларига ҳам зарар етказади.

Эйзенкот, шунингдек, Исроилнинг ўта ўнг қарашлари билан танилган вазирлари Итамар Бен-Гвир ва Безалел Смотрихнинг Ғарбий Соҳилдаги сиёсатини танқид қилди. Унинг фикрича, ҳудуд назоратсиз анархия ёқасига келиб қолган.

Бен-Гвир эса ушбу айбловларни рад этди. У Эйзенкотни шошма-шошарлик билан хулоса чиқаришда айблаб, унинг баёнотини араб партиялари кўмагида ҳукумат тузишга тайёргарлик сифатида баҳолади.

Исроилнинг B'Tselem инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Шаи Парнес Al Jazeera телеканалига берган изоҳида кўчманчилар кўпинча Исроил ҳарбийлари ҳамроҳлигида ҳаракатланишини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳарбийлар ҳужумларга гувоҳ бўлса-да, уларни тўхтатиш учун етарли чора кўрмайди.

Исроил армияси эса ҳужумлар содир бўлган ҳудудларга полиция ходимлари ва криминалистика экспертлари юборилаётганини маълум қилди. Улар давом этаётган тергов доирасида далилларни тўплаши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2023 йил октябридан буён босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари ва кўчманчилар ҳужумлари оқибатида камида 1 222 нафар фаластинлик, жумладан, 255 нафар бола ҳалок бўлган.

    Бошқа янгиликлар