Кеча Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан суратга олинган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий филмининг илк катта премьераси ўтказилди. Унда Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Агентлик директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигидаги филм ижодий гуруҳи, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Агентлик раҳбарияти ва ижодкорлар Оқдарё туманидаги Махдуми Аъзам мажмуасида жойлашган Баҳодир Ялангтўш қабрини зиёрат қилди.
Шундан сўнг, Ипак йўли туризм ва маданий меърос халқаро университетида филм премерасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда ОАВ вакиллари ва журналистларнинг филм ҳақидаги саволларига жавоб берилди. Тадбирдан сўнг иштирокчилар филм премьерасига таклиф қилинди.
Премьерани Самарқанд вилояти ҳокими ва Кинематография агентлиги директори очиб берди. Агентлик раҳбари келгусида бу каби филмларни яратишда жамоатчилик алоҳида ўринга эга эканлигини таъкидлади.
“Бугун ўзбек киносидаги тарихий кунларнинг бири. “Тирик тарих” дастуридаги филмларнинг илк намунаси “Баҳодир Ялангтўш" филми эътиборингизга ҳавола қилинди. Ушбу филм муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан суратга олинди. Ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур тарихий филмларнинг аксарияти бевосита Самақанд билан боғлиқ. Бугунги кунда Шарқ маданиятининг олтин бешиги бўлган Самарқанд чин маънода йирик кино марказларидан бирига айланмоқда. Шунингдек, яқиндан ҳамкорлик қилгани учун Вилоят ҳокимига ҳамда Самарқанд аҳлига чуқур миннатдорлик билдираман”, — деди Агентлик директори.
Вилоят ҳокими ўз нутқида бу муваффақиятли йўлнинг бошланиши эканлигини таъкидлади.
“Бугун яхши ният билан бошланган ишимизнинг натижасини кўрадиган кун. Тарихни халқимизга етказиб беришда филмнинг ўрни катта. Бошланиши доим қийин бўлади. Ишончим комилки, бундан буёғига турли хил сифатли филмлар томоша қиламиз. Шу ўринда филм учун Кинематография агентлиги раҳбариятига, филм ижодий жамоасига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман”, — деди Эркинжон Турдимов.
Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов 3 йил давом этган суратга олиш жараёнлари ва унинг машаққатлари ҳақида сўзлади.
Сўнг Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга самимий ҳамкорлик учун ташаккурнома топширди. Шундан кейин филмнинг Самарқанд шаҳридаги кенг жамоатчилик учун намойиши ўтказилди. Филм қарийб 3,5 мингдан ортиқ томошабинни 2 соат давомида катта қизиқишда ушлаб турди ва илиқ таассурот қолдирди.
Кинокартинада Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳикоя қилинади. Амир Ялангтўш аввало моҳир ҳарбий саркарда эди. У Бухоро хонлигининг икки сулола даврида ҳам барча ҳарбий юришларида иштирок этган, йирик ғалабаларни қўлга киритган.
“Филмларда, хусусан, тарихий филмларда ҳам асосан салбий образларни ижро этганман. Чунки ҳар қандай филмда салбий қаҳрамон динамикани белгилаб беради, шу билан бирга, салбий образ актёрдан алоҳида масъулият, машаққат талаб қилади.Томошабиннинг диққат-марказида туради. Абдураҳмон девонбеги образи ҳам шулар қаторига киради. Шу ўринда, бу каби филмларни қўллаб-қувватлаётган Кинематография агентлигига чин кўнгилдан миннатдорлик билдирмоқчиман”, — дея фикр билдирди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов.
Премьерадан сўнг томошабинлар филмь ҳақида илиқ фикрларни билдиришди. Аксар киноихлосмандлар Баҳодир Ялангтўш тарихий шахси ҳақида маълумотга эга бўлмаганини, филм орқали буюк саркарданинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишганини айтиб ўтди.
Маълумот учун, 30 май, пайшанба куни пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Баҳодир Ялангтўш” филмининг катта премьераси ўтказилиши режалаштирилган.