Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Брифингда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири бўлган ушбу ташрифини Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон-Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғи сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.
– Россия Президентининг давлат ташрифи – бу, ҳеч муболағасиз, кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг янги даврини бошлаб берувчи тарихий воқеадир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти мазкур саммитга катта тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Парламент вакилларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги ўзаро ташрифлар самарали ўтди.
Апрель ойида Тошкентда “Иннопром” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.
Жорий ойда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ҳам Россия ҳудудларидаги ҳамкорларида ташриф билан бўлдилар. Йирик муҳандислик-техник университетлар ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференциялари самарали ўтди. Айни кунларда Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этмоқда.
Ҳар доимгидек анъанавий очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган бугунги музокараларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ўтган йили Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб бериш бошланган эди. Музокаралар давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Куксарой қароргоҳидаги икки томонлама тадбирлар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Фахрий меҳмонлар хиёбонига ташриф буюрдилар.
Бу ерда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия халқларининг дўстлиги, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи сифатида биргаликда дарахт экдилар.
Хиёбонда бошқа ҳамкор давлатлар етакчилари томонидан экилган дарахтлар ҳам ўсмоқда.






