Экология вазирлиги Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан Жиззах вилоятида ўрнатилган онлайн кузатув камералари орқали белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда. Бу ҳақда Вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Хусусан, Жиззах шаҳар "Халқобод" МФЙ ҳудудида фуқаролар С.Л. ҳамда К.М.лар томонидан ноқонуний чиқинди ташланган. Шунингдек, худди шу ҳудудда Р.И., Д.Х. ва бошқа фуқаролар ҳам ҳуқуқбузарлик содир этишган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан барча ҳуқуқбузарларга нисбатан МЖтКнинг 91Прим 1-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳар бир ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари — 340 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Маълумот учун, онлайн кузатув камераларини республикамизнинг барча ҳудудларида ўрнатиш режалаштирилган. Бу камералар ҳар қандай турдаги экологик ҳуқуқбузарликни ўз вақтида аниқлаш, тезкор чора кўриш ва бартараф этишга ёрдам беради.






