1

"Саидазиз медгородок" қандай жиноятларда айбланаётгани маълум бўлди

ЖИНОЯТ 06.06.2024, 15:56
"Саидазиз медгородок" қандай жиноятларда айбланаётгани маълум бўлди

Саидазиз Саидалиев ва бошқа шахсларга нисбатан суд куни белгиланди. “Адолат” ахборот тизимлари комплексининг суд мажлислари жадвалига кўра, "Саидазиз медгородок" ҳамда яна 28 кишига нисбатан суд мажлиси 2024 йилнинг 11 июн куни соат 10:00да жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида бошланади.

Тошкентда “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев жисмонан бақувват бир нечта шахсни ўз атрофига тўплаб, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби жиноятларни содир қилганликда айбланмоқда.

1987 йил Тошкент шаҳрида туғилган Саидазиз Саидалиев қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахслар масаласини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериши эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиб келган. Шу сабаб у фуқароларга таҳдид қилиб, пул маблағларини ноқонуний қўлга киритган. 

Судланувчиларнинг аксарияти товламачилик, фирибгарлик, безорилик, пора бериш, ўғрилик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби қатор жиноятларда айбланмоқда. Жумладан, Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” ва “в” банди (Товламачилик), 165-моддаси 3-қисми “в” банди (Товламачилик), 168-моддаси 4-қисми “а” ва “в” банди (Фирибгарлик), 211-моддаси 3-қисми “а” ва “б” банди (Пора бериш), 242-моддаси 1-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 277-моддаси 2-қисми “б” ва “в” банди (Безорилик), 277-моддаси 3-қисми “а” банди (Безорилик) билан айбланмоқда.

Жабрланувчилар сони эса 30 нафардан ортиқ. Улар орасида тадбиркорлар ҳам бор.

Саидазиз Саидалиев ўтган йилнинг декабр ойидаги жиноят олами вакилларига қарши ўтказилган тезкор тадбирлардан бирида қўлга олинганди. Ўшанда у атрофига жисмонан бақувват шахсларни тўплаб, қарздорлик ва бошқа муаммоларни қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш билан шуғуллангани айтилган.

Маълумот учун, айни пайтда суди давом этаётган "Бахти Ташкенцкий" ҳам Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказган пайтда қўлга олинганди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1