Қашқадарёда Кадастр ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари натижасида қарийб 80 гектар ер майдонида амалга оширилган қонун бузилиши ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилди. Бу ҳақда Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жасур Усмонов маълум қилди.
“Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан январь-май ойлари мобайнида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ушбу ер участкаларида ноқонуний иморат қурилишига оид 1642 ҳолатда 411,6 гектар ер майдонида қонун бузарлик ҳолатлари аниқланди.
Ер қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 79,4 гектардаги 472 та ҳолат фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ермайдони дастлабки ҳолатига келтирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Судларга ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш тўғрисида 788 та (224,6 гектар) даъво аризалари киритилди”, - дейди Бошқарма бошлиғи.
Шаҳар, туманлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатлари Қарши туманида 146 та ҳолатда 21,3 гектар, Чироқчи туманида 133 та ҳолатда 37,9 гектар, Косон туманида 130 та ҳолатда 10,5 гектарни гектарни ташкил қилган.
Маълумот учун, Қонунчиликка кўра, ерларни ноқонуний эгаллаб олиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.