Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 автомобиль йўлида тўртта юк ташувчи транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Йўл ҳаркати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент—Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган MAN юк машинасида йўлнинг довон қисмида тушиш-чиқиш вақтида носозлик вужудга келган. У йўлнинг ўнг чекка қисмида тўхтаб турган бошқа бир юк машинаси билан тўқнашган. Шундан сўнг MAN ҳаракатни давом эттириб, олдинда кетаётган транспорт воситаларини ташишга мўлжалланган автотрейлерга урилган.
Иккала транспорт воситаси ҳам рул бошқарувини йўқотиб, бетон тўсиққа урилган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. MAN юк машинаси эса ҳаракатни давом эттириши оқибатида яна бир тўхтаб турган юк ташувчи машинаси билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида юк машиналарининг ҳайдовчи ва йўловчиларига тан жароҳати етмаган, бироқ транспорт воситаларига жиддий шикаст етган. М-39 автомобиль йўлининг 1011—1013-километрида сунъий тирбандлик ҳосил бўлган, ҳозирда ЙПХ ходимларидан тирбандликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.