1

Хоразмда табиат боғи инспектори тунги хизмат вақтида калтакланди

ЖИНОЯТ 08.06.2024, 14:24
Хоразмда табиат боғи инспектори тунги хизмат вақтида калтакланди

Хоразм миллий табиат боғи инспектори Амурбек Ўриновга хизмат вақтида тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳудудда 2024 йил баҳорида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 3 минг туп гужум кўчатлари нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган. Бунга миллий табиат боғига туташ ҳудудда “Амударё олтин балиқ” фермер хўжалиги томонидан ажратилган ер майдонидан ташқарига чиқиб, гужум кўчатлари экилган жойга шоли экиш мақсадида майдон четидаги катта ҳимоя чегаралари бузиб ташлангани ва сув очиб юборилгани сабаб бўлган. Бунинг оқибатида гужум кўчатлари бир неча кундан буён сув остида қолиб кетган. Хоразм миллий табиат боғи маъмурияти томонидан фермер хўжалигига 1 кун муддатда сув чиқариб юборилмаса, 3 мингдан зиёд кўчат нобуд бўлиши ва бу маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасиданогоҳлантириш хати берилган.

Аммо фермер хўжалиги раҳбари А.Ў. бу огоҳлантиришга парво қилмасдан, 4 июнь куни кечқурун соат тунги 00:00 лар атрофида боғ ҳудудига сув очиш мақсадида кирган. Шу пайтда уни инспектор пайқаб қолган ва ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринган. Лекин маст ҳолатда бўлган А.Ў. инспекторга қаршилик кўрсатган ва уни дўппослаб, тан жароҳати етказган.

Инспектор Янгибозор туман тез тиббий ёрдам муассасасига ётқизилган. Айни дамга керакли муолажалар кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Янгибозор туман Хоразм вилояти ИИБ Янгибозор тумани бўлимига қонуний чора кўриш учун юборилган.

Маълумот учун, “Амударё олтин балиқ” фермер хўжалиги раҳбари А.Ў. бундан олдин ҳам Хоразм миллий табиат боғи ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган ва суд томонидан тегишли жазога тортилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1